Таълим | 09:05 / 13.12.2025
1495
1 дақиқада ўқилади

Фан олимпиадаси олтини учун 1 млрд сўм: янги рағбат тизими йўлга қўйилмоқда

2025 йил август ойидан эътиборан нуфузли фан олимпиадаларида олтин медалга эга бўлган ўқувчилар 1 млрд сўмдан ортиқ мукофот пули билан рағбатлантирилади. Мазкур ютуққа эришган ҳар бир ўқувчининг устозига ҳам алоҳида тартибда йирик мукофот берилиши белгиланган.

Фото: Kun.uz 

Маълумотларга кўра, жорий йилда Ўзбекистон терма жамоаси нуфузли ва халқаро минтақавий фан олимпиадаларида энг яхши натижани қайд этди. Хусусан, халқаро кимё олимпиадасида 2 та олтин медал қўлга киритилгани, халқаро информатика олимпиадасида эса мамлакат тарихида илк бор кумуш медаль олингани айтилмоқда.

Янги рағбатлантириш тизимига мувофиқ, 2025 йил август ойидан бошлаб нуфузли фан олимпиадаларида олтин медалга сазовор бўлган ўқувчилар 1 030 000 000 сўм билан тақдирланади. Шунингдек, мазкур олимпиадаларда олтин олган ҳар бир ўқувчи учун унинг устози 185 400 000 сўм мукофот пули олиши кўзда тутилган.

Шу билан бирга, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ахборот хизмати олимпиада ғолиблари, уларнинг устозлари ҳамда ота-оналарининг фикрларини қамраб олган лавҳа тайёрлаган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид