11:57 / 05.11.2019
0
14563

Имконияти чекланган болаларда мактабларга тўлов муаммоси – Уларга имкон ва имтиёз бериладими?

Тошкент шаҳридаги 77-сонли ихтисослаштирилган мактаб-интернатда бир-биридан иқтидорли болалар ўқийди. Уларнинг кўпчилиги мусиқа таълими олишга қизиқади.

Шунинг учун ўқувчилар мактабда филиал сифатида фаолият юритаётган 17-сонли мусиқа ва санъат мактабида ҳам таҳсил олмоқда.

Болалар кўриш қобилиятларида муаммо бўлишига қарамасдан кўп орзу қилишади, яхши ўқишга интилишади, ҳозирданоқ келажакда ким бўлмоқчи эканликларини ҳам режалаштириб бўлишган.

Масалан, Элнур Аҳмедов пианиночи бўлишни, болаларга турли куйлар ўргатишни хоҳлайди.

Самира Толипова ҳаётини аллақачон мусиқа билан боғлаб бўлганини, катта саҳналарда қўшиқлар куйлаш энг катта мақсади эканини билдирди.

Гулшан Олимжонова эса актриса бўлишни мақсад қилган.

Болалар мактабдаги ўқишларидан бўш вақтларининг асосий қисмини мусиқа билан шуғулланишга бағишлашган.

«Уларнинг бошқа овунадиган нарсалари ҳам йўқ. Шунинг учун болаларимиз мусиқа билан дунёни танишади. Чунки ўқув жараёнида ҳам Брайль ёзувидаги дарсликлар етарли эмас. Аксарият китобларимиз 10 йил, балки ундан ҳам олдинроқ чоп этилган. Болалар айрим китобларнинг фақат аудио вариантини эшитишмоқда, холос. Натижада баъзи сўзларни ёзишда ҳам қийналишади. Шунинг учун мусиқа ва санъат билан шуғулланиш уларга жуда керак», - дейди мактаб она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Озода Зупарова.

Муаммо шундаки, мусиқа ва санъат мактабларида ўқиётган болаларнинг аксариятида тўлов билан боғлиқ муаммолар бор.

Амалдаги тартибга кўра, болалар таълим олиши учун Тошкент шаҳридаги мусиқа ва санъат мактабларига ҳар ойда 152 минг атрофида пул тўланади.

Бу Молия вазирлиги ва Халқ таълими вазирлиги томонидан тасдиқланган «Ота-оналар томонидан болаларнинг мусиқа ва санъат мактабларида ўқиши учун ҳақ тўлаш ва ундан фойдаланиш тартиби тўғрисида»ги низом билан тартибга солинади.

Унда қатор талаблар асосида айрим болаларнинг бепул ва чегирма асосида таълим олишига имкон берилган бўлса-да, бу рўйхатга имконияти чекланган болалар киритилмаган.

Дилбар Зупарованинг айтишича, болаларнинг аксариятининг ота-оналари ҳам имконияти чекланган шахслар. Бу уларнинг бошқалар қатори ишлаши ва боласининг санъат мактабида ўқишига пул тўлаши имконини чегаралайди.

17-сонли мусиқа ва санъат мактаби ўқитувчиси Баҳодир Қурбоновнинг сўзларига кўра, ота-оналар ва ўқитувчилар бир неча йиллардан бери қатор ташкилотларга мурожаат қилишган.

«Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатаси, Омбудсман, Молия вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Маданият вазирлигига ҳам мурожаат қилдик. Уларнинг кўпчилиги масалани кўриб чиқяпмиз деган жавобни беришади. Республика бўйича имконияти чекланган мусиқа мактабида ўқиётган болалар сони унчалик кўп эмас, аслида. Уларга бепул таълим олиш имконини бериш билан катта нарса йўқотмаймиз.

Бу болалар ҳам келажакда битта касбни танлаб ўз келажагини қуришга ҳақли. Неча йилдан буён кўриб чиқяпмиз, деган жавобни бераётган масъуллардан кўзларини юмиб бир неча қадам босиб кўришларини илтимос қилардим. Шунда улар балки тезроқ ҳаракат қилишган, эътиборлироқ бўлишган бўларди», - дейди Баҳодир Қурбонов.

Айни пайтда мактаб болалари орасида халқаро ва республика танловлари, фестиваллар иштирокчилари ҳам бор.

Масалан, Ойдиной Йўлдошева ва Самира Толипова жорий йил Москва шаҳрида ўтказилган «Белая трость» халқаро фестивалида қўшиқ куйлашган.

Гулшан Олимжонова эса республика танловларида ғолиб бўлган.

«Баъзи бошқа ўқувчиларимиз ҳам мусиқа ва санъат мактабида ўқишни жуда хоҳлашади. Лекин иқтидорли бўлишларига қарамай баъзиларининг мактабга қатнашга имкони йўқ. Бундай болаларимизнинг қолиб кетаётгани эса бизни хавотирга солмоқда», - дейди 77-сонли ихтисослаштирилган мактаб-интернат математика-информатика фани ўқитувчиси Оқмурод Отамуродов.

Мактаб директори Рустам Сафаров ҳам бу борада тегишли ташкилотларга таклифлар берилганини маълум қилиб, ҳозирча натижа кутилаётгани ҳақида айтиб ўтди.

Мактаб ва ўқувчилар аҳволини ўрганиб, июнь ойида Вазирлар Маҳкамасига тегишли хат йўллаган ва ҳукумат орқали қатор вазирликлардан олинган жавобдан қониқмаган «Миллий тикланиш» партияси раиси ўринбосари Феруза Мухамеджанова болалар тақдирига жиддийроқ ёндашишга чақирмоқда.

«Низомга ўзгартириш киритиш орқали республика бўйича кўзи ожизлар мактабларида ўқиётган болаларга яхши бўлишига эришган бўлардик. Қачонгача бориб аҳволни кўриб кўнглимиз бўшаб қайтишимиз керак. Кимдир бу масала билан жиддий шуғулланиши керак. Балки мана шу болаларимиз орасидан катта-катта операчилар, мусиқачилар чиқар. 

Бу мавзу бўйича ҳукуматга парламент сўрови юборишни режалаштирганмиз», дейди Феруза Мухамеджонова.

Давлат раҳбарининг 2017 йил «Маданият ва спорт соҳасида бошқарув тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан, мусиқа ва санъат мактаблари Маданият вазирлиги тизимига ўтказилгани боис, мавзу бўйича қилинаётган ишлар бўйича изоҳ олиш мақсадида Маданият вазирлиги билан ҳам боғландик.

Маданият вазирлиги Таълим муассасалари ва тармоқларни методик таъминлаш бошқармаси бош мутахассиси Муҳаббат Мухитдинованинг таъкидлашича, имконияти чекланган болаларни тўлов пулидан озод қилиш бўйича норматив ҳужжат лойиҳаси Маданият вазирлиги ва Молия вазирлиги ҳамкорлигида ишлаб чиқилмоқда.

«Бу масала бир неча йиллардан бери муҳокама этилмоқда. Республика бўйича тахминан 350 нафар имконияти чекланган болалар ўқийди. Агар лойиҳа январь ойида тасдиқланса, нафақат кўзи ожиз болалар, балки бошқа жиҳатдан имконияти чекланган болаларга ҳам 100 фоиз имтиёз берилади. Чунки тиббиёт ходимлари ҳам имконияти чекланган болалар учун мусиқа билан шуғулланиш муҳим экани ҳақида таъкидлашади», - дейди Муҳаббат Мухитдинова.

Унинг сўзларига кўра, айни пайтда имконияти чекланган болаларнинг мусиқа ва санъат соҳасида яхши таълим олиши учун зарур методикалар ва Брайль ёзувидаги қўлланмаларда ҳам камчиликлар бор.

Бу борада ҳам вазирлик олдида катта вазифалар турибди.

Балки таълим беришда методика ва бошқа жиҳатлар билан боғлиқ муаммолар кўпдир, лекин бу болалар мусиқа билан шуғулланишни, келажакда ўз ўринларига эга бўлишни хоҳлашади. Уларга имкон бермасликка, шароит яратмасликка эса ҳаққимиз йўқ. Чунки мана шу болалар эртага Ўзбекистон келажагини яратувчилар сафида бўлади.

Биз январни - Маданият вазирлиги айтган муддат келишини ва санъатга иқтидори бор имконияти чекланган болаларнинг мусиқа таълими олишда қийналмасликларини чин дилдан кутамиз.

Kun.uz бу мавзуга яна қайтади.

Зилола Ғайбуллаева
Kun.uz мухбири
Тасвирчи – Нуриддин Нурсаидов

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top