Соғлом ҳаёт | 07:47 / 04.05.2026
1180
2 дақиқада ўқилади

Янги хусусий клиникаларга трансплантация қилишга рухсат берилади

Президент «Тиббий хизматлар сифатини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорни имзолади.

2027 йил 1 майдан бошлаб, аккредитациядан ўтган хусусий тиббиёт муассасалари трансплантация билан шуғуллана олади. Бу ҳақда 1 май куни президент ҳузурида ўтказилган йиғилишда айтилди.

Қайд қилинишича, аҳоли нафақат Тошкент ёки вилоят марказларида, балки ўз яшаш жойида ҳам малакали даволаниши имкониятига эга бўлиши учун янги клиникалар, жумладан, чекка ҳудудларда тиббиёт масканлари очишга 200 млн долларли имтиёзли кредит ресурслари йўналтирилиши режалаштирилган, дейилади «Ўзбекистон 24» телеканали лавҳасида.

Бундан ташқари, хорижий мутахассислар — шифокорлар, менежерлар, маслаҳатчилар ва техник ходимларни жалб қилиш учун алоҳида имтиёзлар кўзда тутилган. 2029 йил 1 майга қадар улар учун ижтимоий солиқ 1 фоиз миқдорида белгиланади. Ўзбекистонда меҳнат фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи рухсатномани бериш учун йиғим миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараварини (412 минг сўм) ташкил этади. Шунингдек, хусусий сектор учун замонавий тиббий асбоб-ускуналар ва бутловчи қисмларни олиб кириш бўйича божхона имтиёзлари 2029 йилгача узайтирилади.

Таъкидланишича, тақдимот якунлари бўйича президент «Тиббий хизматлар сифатини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорни имзолади.

Бундан ташқари, 2026 йил 1 июлдан хусусий тиббиёт ташкилотларига мавжуд лицензия доирасида барча йўналишлар бўйича бюджет маблағлари ҳисобидан тиббий хизмат кўрсатишга рухсат берилади. Бунда Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси маблағларидан фойдаланиш назарда тутилмоқда.

2027 йил 1 майдан миллий ёки халқаро аккредитацияга эга хусусий муассасаларга трансплантация фаолияти билан шуғулланишга рухсат берилади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид