Спорт | 22:15 / 09.03.2024
23794
2 дақиқада ўқилади

Гимнастикачи Чусовитина тўққизинчи Олимпиадага йўлланма олиш имкониятидан деярли маҳрум бўлди

48 ёшли гимнастикачи Париж-2024 ўйинларига йўлланма олиш учун яна бир имкониятга эга: май ойида ўтказиладиган Осиё чемпионати кўпкураш баҳсларида биринчи ўринни қўлга киритиши керак, лекин бу деярли имконсиз.

Фото: МОҚ матбуот хизмати

Ўзбекистонлик гимнастикачи Оксана Чусовитина 2024 йилда Парижда бўлиб ўтадиган Олимпиада ўйинларига йўлланма олиш имкониятини деярли йўқотди, бу унинг фаолиятидаги тўққизинчи катта мусобақа бўлиши мумкин эди. Бу ҳақда Халқаро олимпия қўмитасига таяниб РБК хабар берди.

Яқинда Бокуда бўлиб ўтган Жаҳон Кубоги босқичида Чусовитина таяниб сакраш бўйича саралаш мусобақасида атиги 23-ўринни эгаллади. Оқибатда, гимнастикачи Париждаги ўйинлар учун йўлланма қўлга киритиш имкониятидан деярли маҳрум бўлди.

Чусовитина 24-26 май кунлари Тошкентда бўлиб ўтадиган спорт гимнастикаси бўйича Осиё чемпионатида Париж-2024 йўлланмаси учун яна бир бор курашиши мумкин. Бунинг учун у кўпкураш мусобақасида биринчи ўринни эгаллаши керак бўлади. Аммо Чусовитина сўнгги йилларда кўпкураш баҳсларида деярли иштирок этмаган.

Оксана Чусовитина - бадиий гимнастиканинг ноёб вакили. СССР, Германия ва Ўзбекистон терма жамоалари таркибида саккизта ёзги Олимпия ўйинларида (1992, 1996, 2000, 2004, 2008, 2012, 2016, 2020) қатнашган.

1992 йилда Барселонада у Бирлашган жамоа таркибида жамоавий мусобақада олтин медални қўлга киритди. 2008 йил Пекин Олимпиадасида Германия терма жамоаси таркибида таяниб сакрашда кумуш медалга эга бўлди.

Токио-2020 Олимпиадасида Чусовитина финал мусобақасига чиқолмади. Шундан сўнг, фаолиятини якунламоқчи эди. Бироқ, фикридан қайтб, тўққизинчи олимпиада учун курашишга қарор қилди.

Мавзуга оид