Ўзбекистон | 23:41 / 25.03.2018
32820
3 дақиқада ўқилади

Академик лицей ўқувчиларининг олийгоҳларга кириш-кирмаслигига қараб ўқитувчиларга рағбат ёки жарима қўлланади

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Академик лицейларга умумий ўрта таълим ўқувчиларини танлаб олиш, ўқишга қабул қилиш, уларнинг ўқишини кўчириш ва ўқишдан четлатиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги 2018 йил 23 мартдаги 212-сонли қарори қабул қилинди.

Вазирлар Маҳкамасининг қарорига биноан тасдиқланаётган Низомга кўра, академик лицейлар фаолиятига оид бир қатор янгиликлар жорий этилмоқда.

Академик лицей битирувчиларининг олий таълим муассасаларига ўқишга кириш даражаси 80 фоиздан ортиқ бўлганида тегишли олий таълим муассасалари ректорлари, академик лицейлар билан ишлаш бўйича тегишли проректорлар, академик лицейлар директорлари, ўқувчилари юқори натижа кўрсатган йўналишда дарс машғулотларини ташкил этган барча профессор-ўқитувчиларга кейинги ўқув йилининг 1 январидан бошлаб ўқув йили якунига қадар уларнинг иш ҳақига нисбатан 50 фоиз миқдорда устама ҳақ олий таълим муассасаларининг оширилган тўлов-контракт тушумлари ҳисобига амалга оширилади.

Академик лицей битирувчиларининг олий таълим муассаларига ўқишга кириш даражаси:

  • 70 фоиздан 80 фоизгача бўлганда бир ойлик лавозим маошининг 15 фоизи миқдорида;
  • 60 фоиздан 70 фоизгача бўлганда бир ойлик лавозим маошининг 20 фоизи миқдорида;
  • 50 фоиздан 60 фоизгача бўлганда бир ойлик лавозим маошининг 25 фоизи миқдорида;
  • 50 фоизгача бўлганда бир ойлик лавозим маошининг 30 фоизи миқдорида бир марталик жарима қўлланилади.

Интизомий жарималар 2018/19 ўқув йили якунидан бошлаб академик лицей битирувчиларининг олий таълим муассаларига ўқишга кириш даражасига мувофиқ тегишли олий таълим муассасалари ректорлари, академик лицейлар билан ишлаш бўйича тегишли проректорлар ҳамда академик лицейлар директорлари, ўқувчилари ўқишга кирмаган йўналишда дарс машғулотларини ташкил этган барча профессор-ўқитувчиларга (хизмат кўрсатувчи ва техник ходимлар бундан мустасно) нисбатан қўлланилади.

2017/18 ўқув йили якунида академик лицей битирувчиларининг олий таълим муассаларига ўқишга кириш даражаси 50 фоиздан паст бўлганда тегишли олий таълим муассасалари ректорлари, академик лицейлар билан ишлаш бўйича тегишли проректорлар ҳамда академик лицейлар директорлари, ўқувчилари ўқишга кирмаган йўналишда дарс машғулотларини ташкил этган барча профессор-ўқитувчиларга (хизмат кўрсатувчи ва техник ходимлар бундан мустасно) нисбатан бир ойлик лавозим маошининг 15 фоизи миқдорида бир марталик жарима қўлланилади.

Академик лицей битирувчиларининг олий таълим муассасаларига ўқишга кириш ўқишга кириши даражасига мувофиқ интизомий жазо чораси қўлланилган раҳбар ходимларга кейинги ўқув йили давомида иш ҳақига устама белгилашга йўл қўйилмайди.

Мавзуга оид