Ўзбекистон | 08:36 / 04.12.2020
4357
2 дақиқада ўқилади

Лицейларга педагогларни ишга қабул қилишда 5 йиллик стаж тўғрисидаги талаб бекор қилинди

“Иқтидорли ёшларни саралаб олиш тизими ва академик лицейлар фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори эълон қилинди. 

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги хабарига кўра, олий таълим муассасаларининг ўқув ишлари учун масъул проректори (филиал директори ўринбосари) бир вақтнинг ўзида академик лицей директори ҳисобланади.

Бунда, ОТМларнинг ўқув ишлари учун масъул проректор (филиал директори ўринбосари)ларига нормативларга мувофиқ белгиланадиган устамаларга қўшимча равишда ОТМнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан базавий лавозим маошига нисбатан ҳар ойлик 20 фоиз устама тўланади.

Мазкур қарор билан академик лицейларга ходимларни педагогик фаолиятга жалб этиш учун белгиланган камида 5 йил узлуксиз педагогик иш стажига эга бўлиш тўғрисидаги талаб бекор қилинди.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан чет тилини билиш даражасини аниқлаш ва малака сертификатини бериш бўйича академик лицейларнинг иккинчи босқич ўқувчилари учун тўртинчи семестр давомида бепул тест синови ташкил этилади.

Академик лицейлар фаолияти йилига камида икки маротаба Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг ҳайъат йиғилиши ҳамда ОТМларнинг илмий кенгашида кенг муҳокамадан ўтказилади. 

2021/2022 ўқув йилидан:

  • академик лицейларнинг рейтинги ишлаб чиқилади;
  • академик лицейлар йўналишлари ва блокларига қараб бир педагог ходимга тўғри келадиган ўқувчилар сони нисбатининг чекланган нормативи 1:12 нисбатда белгиланади; 
  • чуқурлаштириб ўқитиладиган фанлар бўйича ҳар семестрда ўқувчиларни, салоҳиятига кўра, тенг нисбатда гуруҳларга бўлиб ўқитишга рухсат этилади.

Мавзуга оид