Ўзбекистон | 08:25 / 25.11.2020
9398
2 дақиқада ўқилади

Лицей ва коллежларнинг намунавий штатлари ўзгартирилди

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Молия вазирлигининг «Академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари бошқарув, техник, хизмат кўрсатувчи ва ўқув-ёрдамчи ходимларининг намунавий штатларини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорга ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги қўшма қарори қабул қилинди. 

Norma'нинг ёзишича, ҳужжат президентнинг 6.09.2019 йилдаги «Профессионал таълим тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-5812-сон фармонига мувофиқ қабул қилинди.

Қарор билан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, ушбу вазирликнинг Касб-ҳунар таълими маркази, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Молия вазирлиги томонидан тасдиқланган академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари бошқарув, техник, хизмат кўрсатувчи ва ўқув-ёрдамчи ходимларининг намунавий штатларига ўзгартиришлар киритилмоқда.

Қабул қилинган ҳужжатда мазкур Намунавий штатлар академик лицей ва касб-ҳунар мактаблари учун Давлат бюджети маблағлари ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан жорий қилиниши аниқлаштирилган. Коллеж ва техникумлар учун вазирлик, идораларнинг бюджетдан ташқари маблағлари, ўқувчиларни давлат буюртмаси ва тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан жорий қилинади.

Белгиланишича, Намунавий штатлар қуйидагиларга нисбатан татбиқ этилмайди:

  • «Темурбеклар мактаби» ҳарбий-академик лицейларига;
  • ИИВ идоравий академик лицейларига;
  • Тошкент давлат юридик университети қошидаги академик лицейга;
  • юридик техникумга;
  • имконияти чекланган шахслар учун ихтисослаштирилган касб-ҳунар мактабларига;
  • олимпия захиралари коллежларига.

Намунавий штатлар жорий қилиниши муносабати билан бошқарув, техник, хизмат кўрсатувчи ва ўқув ёрдамчи ходимлар сонининг қисқариши қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Шунингдек қарорда Академик лицей, касб-ҳунар мактаби, коллеж ва техникумлар бошқарув, техник, хизмат кўрсатувчи ва ўқув-ёрдамчи ходимлари учун алоҳида лавозимларни киритиш меъёрлари келтирилган.

Ҳужжат 11.11.2020 йилдан кучга кирди.

Мавзуга оид