Жаҳон | 22:00 / 13.11.2025
4771
2 дақиқада ўқилади

Бошқа тилни ўрганиш миянинг қаришини секинлаштиради – тадқиқот

Атиги битта қўшимча тил тез қариш хавфини камайтиради, деб ҳисобламоқда тадқиқотчилар.

Фото: Getty images

80 мингдан ортиқ киши иштирок этган янги тадқиқот шуни кўрсатдики, бир нечта тилни билиш миянинг қаришини секинлаштириши ва когнитив қобилиятларнинг пасайишидан ҳимоя қилиши мумкин. Бундай одамларда фақат бир тилда сўзлашувчиларга қараганда тез қариш эҳтимоли икки баравар кам. Тадқиқот натижалари Nature Aging журналида чоп этилди.

Кўп тиллилик ва соғлом қариш ўртасидаги боғлиқликни ўрганиш учун олимлар ҳисоблаш ёндашувидан фойдаланди. Ушбу тадқиқотда Европанинг 27 мамлакатидан 51 ёшдан 90 ёшгача бўлган 86 минг соғлом киши иштирок этди.

Маълум бўлишича, фақат битта тилда сўзлашувчиларда ёшдаги биохулқ-атвор фарқининг пайдо бўлиш эҳтимоли (яшалган йиллар сони ва башорат қилинган ёш ўртасида) икки ёки ундан ортиқ тилда сўзлашувчиларга қараганда икки баравар юқори бўлган. Тиллар кўпайиши билан бу таъсир кучайиб борди.

«Атиги битта қўшимча тил тез қариш хавфини камайтиради. Аммо сиз икки ёки учта тилда гапирганингизда, бу таъсир кучлироқ бўлади», деди Агустин Ибаньес, Чили Университети нейробиологи.

Бундай кенг кўламли тадқиқот «ҳақиқатан ҳам бошқа омиллар эмас, балки кўп тиллилик бизни қаришдан ҳимоя қилади, деган позицияни мустаҳкамлайди».

Тадқиқотчилар ўз хулосалари сиёсатчиларга таъсир қилишига ва уларни таълим соҳасида тил ўрганишни рағбатлантиришга ундашига умид қилмоқда.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид