Ўзбекистон | 21:10 / 26.03.2020
31083
3 дақиқада ўқилади

«Жанг майдони»да тиббиёт ходимлари биринчи зарбани қабул қилмоқдалар» — Президент шифокорларга миннатдорчилик билдирди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишни кучайтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида коронавирусга қарши курашаётган шифокорларга миннатдорчилик билдирди.

«Коронавирусга қарши курашишдаги ўзига хос «жанг майдони»да тиббиёт ходимлари биринчи зарбани қабул қилмоқдалар. Оддий ҳақиқатни тан олиш адолатдан бўлади. Касалларга ўз вақтида ёрдам берилса, улар шифо топади, касалхоналарни тарк этади. Лекин, охирги касал тузалмагунча тиббиёт ходимлари иш жойини тарк этолмайди.

Дунё бўйлаб, хусусан, мамлакатимизда шифокорларнинг ўз касбига садоқати, халқимиз, ота-оналаримиз, фарзандларимиз соғлиғи йўлида тун-у кун қилаётган меҳнати барчамиз учун жасорат намунаси бўлмоқда.

Ҳурматли тиббиёт ходимлари, ўз ҳаёти ва соғлиғини гаровга қўйиб, пандемия билан курашаётган шифокорлар, ҳамширалар, санитар ходимларга бутун Ўзбекистон халқи номидан чексиз миннатдорлик билдираман», – деди давлатимиз раҳбари.

Бундан аввалроқ президент Ўзбекистондаги коронавирус қайд этилган 65 кишидан 11 нафари тиббиёт ходимлари эканини маълум қилганди.

Президент бугун «Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишга жалб қилинган тиббиёт ва санитария-эпидемиология хизмати ходимларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорни имзолади.

Қарорга мувофиқ:

коронавирус инфекциясидан зарарланган беморлар билан мулоқотга киришадиган; зарарланган беморлар жойлаштирилган объектларда ҳамда коронавирус инфекциясини аниқлаш лабораторияларида фаолият олиб бораётган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларга ҳар 14 кунлик фаолият даври учун қуйидаги миқдорларда (солиқлардан ташқари) махсус қўшимча рағбатлантириш тўлови белгиланди:

  • врач ходимларга, врач-лаборантларга – 25 миллион сўм;
  • ўрта тиббиёт ходимларига, ҳамшира-лаборантларга – 15 миллион сўм;
  • кичик тиббиёт ходимларига – 10 миллион сўм;
  • бошқа ходимларга – 5 миллион сўм.

Махсус тўловлар карантин амал қиладиган муддат давомида, шу жумладан жорий йилнинг март ойи учун, ходимнинг ҳар 14 кунлик фаолият даври якунида тўлаб берилади.

Шунингдек, коронавирус инфекциясига қарши курашиш доирасида беморлар билан ишлаган вақтида коронавирус инфекцияси  юқтириб олган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларга 100 миллион сўм;

коронавирус инфекциясига қарши курашиш доирасида беморлар билан ишлаган вақтида коронавирус инфекциясини юқтириш натижасида оғир аҳволга тушган ва соғлиғи тикланмаган тақдирда тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларга ёки уларнинг оила аъзоларига эса 250 миллион сўм миқдорида бир марталик тўловлар тўланади. 

Мавзуга оид