Ғишткўприк чегара постидан 4 дақиқада ўтиш мумкин
2018 йил 30-31 март кунлари Ўзбекистон Давлат хафсизлик хизмати Чегара қўшинлари қўмондонлиги томонидан республикада фаолият юритувчи телевидение, интернет ва босма оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерлардан ташкил топган медиа-тур уюштирилди. Унда Kun.uz мухбири ҳам иштирок этди.
ДХХ Чегара қўшинлари қўмондонлиги бош биносидан йўлга чиққан автобус даставвал Ўзбекистон-Қозоғистоннинг энг йирик чегара пости Ғишткўприк-Жибек жўлига йўл олди. Биз бу ерда чегаранинг икки томонига ўтмоқчи бўлган ўзбекистонлик ва қозоғистонликлар учун яратилган шароитлар билан танишдик.
Чегара постига келиб тушарканмиз, одамларнинг гавжумлиги, икки қардош ва диндош халқ ўртасидаги борди-келди аввалгидан сезиларли ошгани кўзимизни қувонтирди. Дастлаб Ғишткўприк постида давлат хизматларининг қанчалик тезкор ва ишончли амалга оширилаётгани ҳақида.
“Тошкент вилояти Тошкент тумани Ғишткўприк чегара пости Ўзбекистоннинг энг йирик ўтказиш пунктларидан бири бўлиб, ҳафтанинг иш кунлари бир кунда 30 минг киши чегарани кесиб ўтади. Ҳафтанинг дам олиш кунлари 35 минг киши чегарани кесиб ўтади. Бунинг сабаби дам олиш кунлари қозоғистонликлар Ўзбекистонга кўпроқ келишади. Сайёҳлик мавсуми вақтида бу рақам 40-45 минг кишигача чиқиши мумкин.
Қозоғистонликлар кўп келишининг асосий сабабларидан бири, бизда овқатланиш сифати ҳам арзон, ҳам яхши. Ҳозирда Ўзбекистонда 69 та чегара-назорат ўтказиш пунктлари мавжуд бўлиб, уларда бир кунда 120 минг атрофида киши чегарани кечиб ўтаётган бўлса, биргина ушбу маскандан бир кунда 120 минг кишининг ¼ қисми ўтади, яъни Ғишткўприк том маънода Ўзбекистоннинг энг йирик чегара маскани ҳисобланади", - дейди чегара маскани мулозими.
Чегарани кесиб ўтиш чоғида фуқароларга қулайликлар тақдим этиш мақсадида божхона, чегара, ветеринария ва фитоназорат ишлари йўлга қўйилган. Паспорт назоратида ишловчилар, маскан раҳбарларининг айтишича, дунёнинг барча мамлакатлари паспортларининг қалбаки ёки қалбаки эмаслигини аниқлай олади. Шу билан бирга, инсон омили сабабли шубҳали кўринган, бироқ аниқлаш имкони бўлмайдиган ҳар қандай ҳужжатнинг ҳақиқийлигини текшириш учун энг замонавий техникалар мавжуд.
Бундан ташқари, 2018 йил бошидан ўрнатилган янги рентген ускунаси Қозоғистондан олиб кирилаётган йирик ҳажмли маҳсулотларнинг қутисини бузмасдан текшириш имконини берса, бошқа турли хил ускуна ва қурилмалар божхоначилар ва чегарачилар ишини қулай ва осон қилмоқда. Чегарани кесиб ўтувчиларнинг ҳам вақти тежалмоқда.
Тажриба сифатида Қозоғистондан кириб келган ўзбекистонлик масканнинг Ўзбекистон қисмини неча дақиқада ўтиши ҳамда автобус бекатига чиқишини дақиқаларда ҳисоблаганимда, роппа-роса 4 дақиқа вақт кетди. Тўғри, юки бор кишиларнинг вақти бирмунча кўпроқ кетиши мумкин, лекин у ҳам жуда сезиларли эмас. Қозоғистонга кетаётганлар ҳам худди шундай.
Сафаримиз чоғида Тошкентдан Чимкентга ва аксинча қатнаётган автобуслар текширувига ҳам гувоҳ бўлдик. Уларнинг йўловчилари ва автобуснинг ўзини текшириб, маскандан чиқариб юборишга атиги 20 дақиқа вақт кетди. Бир кунда Тошкентдан ва Чимкентдан 5 тадан йўловчи автобуси чегара масканига келишини, ундан ташқари шахсий машиналарида саёҳат қилишни истовчилар кўплиги эътиборга олинса, яхши натижа дейиш мумкин.
Қолаверса, бизлар суҳбатлашган йўловчилар ҳам, якка тартибда чегарадан ўтаётганлар ҳам ҳозирги шарт-шароитларни аввалги вақтлар билан умуман таққослаб бўлмаслигини, ҳозирда хизмат кўрсатиш сифати ва вақти ижобий томонга жуда жиддий тарзда ўзгарганини эътироф этишди. Хуллас, Ғишткўприк чегара-ўтказиш масканида мана шунақа гаплар. Икки қардош ва қўшни юртлар фуқаролари ўртасида ўзаро борди-келди кўпайганидан, халқларимиз янада меҳр-муҳаббатли бўлаётганидан киши қувонмай бўладими?
Мавзуга оид
09:40 / 12.11.2024
«Фориш» полигонида Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳарбий машғулотлари бошланди
20:54 / 11.11.2024
Қозоғистон баҳорда Марказий Осиё давлатларидан 11 миллиард куб метр сув олади
20:06 / 11.11.2024
Қозоғистонда яна 1 млрд доллар ноқонуний активлар давлатга қайтарилди
17:25 / 11.11.2024