Спорт | 02:20 / 01.06.2018
50396
8 дақиқада ўқилади

Ёшлар иттифоқининг “Ифтихор” футбол жамоаси раҳбари икки ҳимоячини ўласи қилиб калтаклагани ростми?

Жорий мавсум Про-лигада кутилмаган ҳолда пайдо бўлган “Ифтихор” жамоаси ҳақида кўп нарса билмаймиз. Ёшлар иттифоқи ташкилотининг жамоаси сифатида таништирилган клуб Суперлига йўлида кураш олиб бориши айтилган эди.

Жамоа Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманида ташкил топган. Айни пайтда “Ифтихор” Про-лиганинг “B”гуруҳида тўққизта ўйин ўтказиб, пастки поғоналардан бирини банд этиб турибди. Асад Дўрмонов ҳамда Нодир Қўзибоев шогирдлари май ойида учта ўйин ўтказиб, “Лабса” клубига 2:1 ҳисобида ютқазган бўлса, “Шердор” клуби билан мезбонда 1:1 ўйнаб, меҳмонда 3:2 ҳисобида мағлубиятга учради.

Кеча интернет нашрларида “Ифтихор” клуби мутасаддилари томонидан жамоанинг икки ҳимоячиси Турсунбой Ҳусанов ҳамда Ҳасанбой Эргашевларни аёвсиз калтаклангани ҳақидаги хабарлардан ҳайратга тушдик.

Маълумотларга кўра, жамоа раҳбари Аҳрор Эргашев ва мураббий Нодир Қўзибоевлар клуб муваффақиятсизликларининг айбдори сифатида икки ҳимоячини “ўйинни сотганликда” айблаб, кескин ва қонунга хилоф равишда чора кўрганлар. Ҳар икки футболчи ҳозирда турли даражадаги тан жароҳатлари билан касалхонада даволанмоқда.

Биз, воқеага ойдинлик киритиш мақсадида футболчилар Турсунбой Ҳусанов ҳамда Ҳасанбой Эргашевлар билан боғландик.

Турсунбой Ҳусанов: Ҳаммаси “Лабса” билан ўйиндан бошланди

“Мен “Ифтихор” сафига шу йилнинг февраль ойида келиб қўшилганман. Мавсум бошида “Фарғона ҳокими кубоги”, “Андижон ҳокими Кубоги” баҳсларида ўйнадим. Жамоага яхши киришиб кетдим деб ўйлайман. Мураббийлар билан келишмовчилик 7- турдаги “Лабса” билан бўлган мағлубиятли ўйиндан бошланди. Нодир Қўзибоев бизни ўйинни сотганликда айблай бошлади. Сўнг “Шердор” билан ўз майдонимизда 1:1 ҳисобида дуранг ўйнадик, сўнг шу жамоага меҳмонда ютқаздик.

Турсунбой Ҳусанов

26 май, шанба куни соат 17:00ларда мени Олтиариқдаги ташландиқ лагерлардан бирига: “Ҳужжатлар бор, олиб кетгин”, деб чақиришди. Борсам, у ерда жамоа бошлиғи Аҳрор Эргашев, мураббий Нодир Қўзибоев ва мен танимайдиган уч-тўртта йигитлар бор экан. Борганимдан сўнг мени хонага олиб киришиб: “Ўйин сотгансан, тан ол!” дея саволга тута бошлашди.

Мен: “Нима ҳақида гапираяпсизлар, тушунмадим? Ҳаётимда бундай ишга қўл урмаганман?” деганимдан сўнг, Аҳрор Эргашев: “Айбингни бўйнингга қўяман!” дея қўлидаги ички ишлар ходимлари фойдаланадиган дубинка билан ура кетди. Шу даражада кўп урдики, охири қўлидаги дубинка синиб кетди. Оёғим зарбалардан бир зумда шишиб кетди. Боса олмай қолдим. Чап қўл ўрта бармоғим синди. Орқа умуртқам лат еган. Калтаклар зарбига бошим айланиб, кўнглим айниди. Мен қилмаган ишимни тан олмадим. Кейин Ҳасанбой Эргашевни менинг олдимда бир соатча уришди. Уни калтаклашаётганида бет-қўлимни ювиб, машинамга бир оёқлаб етиб олдим ва Фарғона экстренний(Шошилинч тиббий ёрдам бўлими) касалхонасига бордим.

Турсунбой Ҳусанов
Турсунбой Ҳусанов

Мени кўрган врачлар ҳам қўрқиб кетишди. Бир зумда рентген, УЗИ қилиб, хонага ётқизишди. Дўхтирлар ҳудуд ички ишлар профилактика нозирини чақиришган эди, ходим тегишли ҳужжатларни расмийлаштирди”,- дейди Турсунбой Ҳусанов.

Суҳбат давомида футболчи “Ифтихор” билан бир йиллик шартнома имзолагани, унда ҳар ойда 1 миллион сўм маош кўрсатилгани, лекин шу пайтгача жами 800 минг сўм маош олганини айтди. “ Жамоамиз Ёшлар иттифоқи васийлигида. Маош ва ютуқ учун мукофот пулларини сўрасак: “Пул тушсин берамиз” деган жавобни эшитамиз.

Футболчи: “Ака, одамни бешафқатларча уриш қандай бўлишини бошимдан ўтказдим. Уларга қарши чора бордир?”, дея зорланиб қолди.

Ҳасанбой Эргашев: “Оёғим гипсда. Жуда кўп уришди”

Ўша ташландиқ оромгоҳда бир ярим соат калтакланганини билдирган Ҳасанбой Эргашев 31 май куни тушда касалхонадан чиқди. Футболчи фаолияти давомида “Шўртан”, “Навбаҳор”, “Қўқон-1912”, “Нефтчи” ёшлар таркибида майдонга тушган. У билан ҳам боғландик.

“Мени ҳам 26 май куни соат 17:00 ларда Олтиариқнинг “Қапчиғай” деган жойидаги лагерга чақиришди. Сўроққа тутишиб: “Барча ютқазишларимизда айбдорсан! Ўйинни сотгансанлар!”, деб Аҳрор Эргашев бир ярим соат давомида калтаклади. Ҳозир ўнг оёғим болдирлари моматалоқ бўлиб кетган. Чап оёғим суяги дарз кетиб гипсда. Аҳрор кетмон сопига ойна синиғини қистириб, ўша билан урди. Нодир Қўзибоев ҳам ўша ерда эди. Анча вақтдан кейин қўшни хонадан Турсунбой чиқиб келди. Уни уравериб дабдала қилиб ташлашган экан. Янги йилдан бери жамоадаман. Шу пайтгача ҳеч қандай маош олмасдан ўйнаб, туҳматга қолиб, аёвсиз калтак еганим жуда алам қиляпти. Ҳужумчилар қулай вақтларни ҳавога совуриб, гол ура олмаса биз айбдор бўлдик.

Ҳасанбой Эргашев

Ўша куни Аҳрор мени шунақа кўп урди. Рўза эдим. Болдиримдан қон оқиб ҳолим қолмагач, ўша ердан эплаб, қочиб чиқиб кетдим”, – дейди футболчи.

Хулоса

Шу пайтгача ўзбек футболида бу даражада аянчли ҳолат бўлганини эслай олмадим. Спортчини мағлубият учун калтаклаб, майиб қилиш даражасида уриш, ўша мутасаддининг руҳий ҳолати чатоқлиги ёки қонунларни писанд қилмайдиган инсон эканлигидан дарак.

“Мени ўғлим ўйин сотадиганлардан эмас. Ўша мураббий - Нодир Қўзибоевнинг ўзи келиб, ўғлимни жамоасига олиб кетганди. Унинг бугунги аҳволини кўриб дилим вайрон бўлди”, - дейди Турсунбой Ҳусановнинг отаси Каримжон ака. “ Мабодо, клуб ўйинчиси учрашув давомида рақибга ён босиб ўйнаб, салбий натижага сабабчи бўлса, уни калтаклаб, ўладиган аснода уриб жазолаш – “самосуд”-ку!”.

Фикримизча, Ёшлар иттифоқи васийлигидаги жамоа барчага ҳар томонлама ўрнак бўлиши лозим. Футболчиларга ўтган тўрт ой давомида маошлари тўлиқ берилмабди. Наҳотки, улар клубда ички муҳит бузилганини билишмади. Бундан бир ой олдин мураббий Нодир Қўзибоев билан келиша олмай Мансур Саидов, Умид Қодиров ва Шерзод Ҳакимов каби ўйинчилар ҳам жамоани тарк этишган экан.

Қонун устувор бўлган юртда яшаяпмиз. Юқоридаги ўзбек футболи учун уятли бўлган ҳолат бўйича тергов ишлари бошланган. Унинг якунларига кўра, қонунбузарлар тегишли жазосини олади.

Ўзбекистон футбол ассоциацияси, ПФЛ айбдорларни тегишли қоидаларга асосан жазолаш билан биргаликда, муаммонинг асл келиб чиқиш сабабларини ҳам таҳлил қилиб чиқиши зарур. Маошсиз майдонга тушаётган футболчи, малакасиз мутахассислар билан ўзбек футболини кўтариш ҳақида ўйлашнинг ўзи қийин...

KUN.UZ мухбири Элмурод Эрматов

Мавзуга оид