Ўзбекистон | 14:54 / 19.11.2025
11771
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда экополиция ташкил этилмоқда

Экологик назорат инспекцияси ва табиатни муҳофаза қилиш бўйича ҳудудий махсус прокуратуралар негизида Экополиция ташкил этилади. Экополиция ходимлари жисмоний куч ишлатиш, электрошокер, резина ўқли ва тўр отувчи хизмат қуролларини қўллаш ҳуқуқига эга бўлади. Уларнинг махсус кийимига боди камералар ўрнатилади.

Фото: Экология қўмитаси

Ўзбекистонда экополиция фаолияти йўлга қўйилади. Бу – 19 ноябр куни эълон қилинган президент фармони ва қарорида кўрсатилган.

Қарорга кўра, қуйидагилар негизида алоҳида юридик шахс бўлмаган Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасининг Давлат экологик назорат инспекцияси (Экополиция) ташкил этилади:

  • Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг Давлат экологик назорат инспекцияси;
  • Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент ва Жиззах вилоятларидаги табиатни муҳофаза қилиш бўйича ҳудудий махсус прокуратуралар;
  • Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри прокуратураларининг экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва ўрмон хўжалиги соҳасидаги қонунчилик ижроси устидан назорат йўналишидаги бўлинмаларининг оптималлаштириладиган штат бирликлари.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри прокуратураларига экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва ўрмон хўжалиги соҳасидаги қонунчилик ижроси устидан назорат йўналишида ажратилган 40 та штат бирлиги Экополицияга ўтказилади.

Экополиция – Экология қўмитасининг экологик хавфсизликни таъминлаш ва бу борадаги ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасида ҳуқуқни муҳофаза қилишга доир айрим вазифаларга эга махсус бўлинмаси ҳисобланади.

Экология қўмитаси раиси бир вақтнинг ўзида Экополиция бошлиғи ҳисобланади. Экополиция бошлиғининг ўринбосари бир вақтнинг ўзида Экология қўмитаси раиси ўринбосари ҳисобланади ва Экополициянинг тезкор штабига раҳбарлик қилади.

Экополиция ходимларига жисмоний куч ишлатиш, махсус воситаларни (электрошок қурилмаларини) ва хизмат қуролини (резина ўқли, тўр отувчи) қўллаш ҳуқуқи берилади. Уларнинг махсус кийимига боди камералар ўрнатилади.

Қонунчиликка тегишли ўзгартиришлар киритилгунга қадар Экополиция ходимларининг жисмоний куч ишлатиш, махсус воситалар ва хизмат қуролини қўллаш тартиби “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги қонунда белгиланган асослар ва шартлар асосида бўлади.

Экополиция ходимларини махсус техника ва транспорт воситалари билан таъминлаш Экология қўмитасининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Қарор билан, экополиция ходимларини 2025–2027 йилларда махсус техника ва транспорт воситалари билан таъминлаш бўйича дастур тасдиқланди.

Мавзуга оид