Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси тузилди. Унга Азизбек Урунов раис бўлди
Ўзбекистон президентининг Жаҳон савдо ташкилоти бўйича вакили Азизбек Урунов ўриндошлик асосида Ўзбекистон Республикаси Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси раиси лавозимига тайинланди.
Фото: Kun.uz
Ўзбекистон Республикаси Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси ташкил этилди.
Президент қарори билан, Азизбек Аллаберганович Урунов ўриндошлик асосида янги қўмитага раис этиб тайинланди. У Ўзбекистон президентининг Жаҳон савдо ташкилоти бўйича вакили сифатида ҳам фаолиятини давом эттиради.
Шунингдек:
- Фурқат Зокирович Жалилов Ўзбекистон Республикаси Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси раисининг ўринбосари лавозимига тайинланди ва шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Президенти администрацияси Ҳуқуқий экспертиза ва комплекс таҳлил қилиш департаменти бош инспектори лавозимидан озод этилди;
- Элёр Холматович Талабоев Ўзбекистон Республикаси Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси раисининг комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат бўйича ўринбосари лавозимига тайинланди ва шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Президенти администрацияси раҳбари котибияти бош инспектори лавозимидан озод этилди.
ЖСТга аъзолик кечикди
Азизбек Урунов Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзолиги жараёнида 2023 йилдан буён президент вакили – бош музокарачи сифатида ишлаб келмоқда.
Ўзбекистон ҳукумати ЖСТга 2026 йил март ойида аъзо бўлиб киришни мақсад қилган эди, лекин бу рўй бермади.
Ўтган ҳафта давлат раҳбари жорий йилда Ўзбекистоннинг ЖСТга тўлақонли аъзолигини расмийлаштириш бўйича комплекс ишларни сифатли амалга оширишни буюрган эди.