Иқтисодиёт | 14:27 / 03.04.2026
14510
4 дақиқада ўқилади

Уй ва автомобил савдоси энди фақат банк орқали бўлади. Бу тизим қандай ишлайди?

1 апрелдан бошлаб Ўзбекистонда кўчмас мулк ва “10 ёшдан ошмаган” автомобиллар олди-сотдисида ҳисоб-китобларни нақдсиз шаклда амалга ошириш тартиби кучга кирди. Бунда шартномада кўрсатилган сумма банклардаги эскроу ҳисобварақлар орқали ўтказилади. Хўш, бу тизим амалда қандай ишлайди?

Янги механизмга кўра, томонлар ўзаро келишувга эришгач, харидор ёки унинг вакили банкка мурожаат қилади ва битим бўйича ариза топширади. Ушбу аризада тарафларнинг шахсий маълумотлари, шартнома объекти, келишилган сумма ва банк реквизитлари кўрсатилади. Шундан сўнг банк харидор номига эскроу ҳисобварақ очади. Бу ҳисобварақ оддий ҳисобдан фарқли равишда пул маблағларини вақтинча сақлаш учун мўлжалланган бўлиб, ундаги маблағлар фақат белгиланган шартлар бажарилгандан кейингина бошқа томонга ўтказилади.

Битта олди-сотди шартномаси учун битта эскроу-ҳисобварақ очилади ва уни банкларнинг мобил иловалари орқали ҳам расмийлаштириш мумкин.

Ҳисобварақ очилгач, харидор келишилган суммани тўлиқ ушбу ҳисобвараққа киритади. Агар келишувда бўлиб тўлаш назарда тутилган бўлса, у ҳолда ҳисобвараққа келишилган сумманинг фақат бир қисмини киритиш ҳам мумкин.

Харидор эскроу-ҳисобни нақд пулда (банк кассалари орқали) ёки нақдсиз шаклда тўлдириши мумкин. Агар битим кредит асосида молиялаштирилаётган бўлса, кредит берувчи банк бу ҳақда нотариусга электрон тарзда маълумот юборади ва шартнома тасдиқлангач, кредит маблағлари ҳам автоматик равишда сотувчига ўтказилади.

Маблағ эскроу-ҳисобга киритилгач, томонлар нотариусга мурожаат қилади. Нотариус фақат ҳужжатларни текшириш асносида, харидор томонидан пул маблағлари ҳақиқатан ҳам киритилганини электрон тизим орқали сўров юбориш орқали текширади. Бунда нотариус банкка сўров юбориш орқали эскроу ҳисобварақдаги маблағлар тўғрисидаги маълумотни реал вақт режимида олади. Агар ҳисобварақда етарли маблағ мавжуд бўлмаса, ёки у ёпилган бўлса, шартнома тасдиқланмайди.

Шартнома тасдиқлангач, нотариус бу ҳақда банкка электрон хабар юборади ва шундан кейин эскроу ҳисобварақдаги пул маблағлари автоматик тарзда сотувчининг ҳисобварағига ўтказилади. Бу жараён инсон омилисиз, дастурий тарзда амалга оширилади ва маблағлар, қоида тариқасида, шу куннинг ўзида ёки кейинги иш кунида сотувчига етиб боради.

Сотувчи ўз хоҳишига кўра маблағни банк кассасидан нақд шаклда олиши ҳам мумкин.

Агар бирон сабабга кўра шартнома тасдиқланмай қолса, харидор ўз маблағларини эскроу ҳисобварақдан қайтариб олади.

Эскроу-ҳисобларга хизмат кўрсатиш бўйича давлат банклари (Миллийбанк, Агробанк, СҚБ, Асакабанк, Халқ банки, БРБ, Алоқабанк, Микрокредитбанк ва Туронбанк)да комиссиялар миқдори қуйидагича:

  • Кўчмас мулк бўйича 0,5 БҲМ (206 минг сўм)гача.
  • Автомобил бўйича 0,25 БҲМ (103 минг сўм)гача.

Агар харидор ва сотувчига битта банкда хизмат кўрсатилса, комиссия фақат бир марта олинади. Агар харидор ва сотувчининг банклари бошқа-бошқа бўлса, ҳар бир банк комиссиянинг ярмидан ошмаган қисмини олади. Хусусий банклар тарифларни мустақил белгилайди.

Олди-бердини эскроу-ҳисоблар орқали амалга ошириш тартиби – кўчмас мулк объектлари, ишлаб чиқарилганига ўн йилдан ошмаган M, N, O ва G тоифадаги транспорт воситалари ҳамда махсус автотранспорт воситаларига нисбатан қўлланади. Уй-жой қурилишига инвестиция киритиш шартномалари бундан мустасно этилган; улуш киритиш асосидаги қурилишларда қурувчи ва инвестор муносабатларини эскроу тизимига ўтказиш бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.

Тизим доирасида барча маълумотлар электрон шаклда алмашилади. Банк ва нотариус ходимлари бу маълумотларнинг махфийлигини таъминлашга мажбур. Жараён устидан Адлия вазирлиги ва Марказий банк томонидан доимий мониторинг олиб борилиши белгиланган.

Мадина Очилова
Муаллиф Мадина Очилова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид