Ўзбекистон | 16:28 / 20.10.2025
3829
3 дақиқада ўқилади

Тирбандликни камайтириш учун Тошкент чеккасида юк машиналари учун тўхташ жойлари қурилади

Юк машиналари тиғиз вақтларда шундай нуқталарда кутиб туриши ва йўлларда ҳаракат оқими камайганида ичкарига ўтказилиши мумкин.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёевга Тошкент шаҳри ва унга туташ ҳудудларга келадиган юк автомобиллари учун автовокзаллар ва тўхташ жойлари қуриш лойиҳаси тақдим этилди.

Улар йўл-патрул хизматининг «Эркин» «Шарқ» «Бектемир» «Уч қаҳрамон» ва «Турбанов» номли бешта назорат-ўтказиш пункти яқинида жойлашади. Бу ерда ҳайдовчилар учун кемпинг ва дам олиш зоналари ҳам кўзда тутилган.

Тақдимотга кўра, баъзи объектлар учун 7,7 гектар, 4,25 гектар ва 8 гектарлик ер майдонлари ажратилади. Энг гавжум пост Сергели туманидаги «Эркин» пости ҳисобланади, у орқали кунига 40–50 минг автомобил кириб-чиқади.

Ички ишлар вазири Азиз Тошпўлатов пойтахтда юк машиналари ҳаракати тиғиз вақтларда чекланишини маълум қилди.

«Тошкентда тиғиз пайтларда юк машиналари ҳаракатини чеклашга рухсат бергансиз. Эрталаб чекловлар киритамиз. Автобуслардан ташқари, юк машиналари учун кемпинглар қурмоқчимиз. Масалан, Самарқанддан чиққан юк машинаси, соат 8:00 да келиб қолса, ўша тўхташ жойида 3 соат кутиб, кейин шаҳарга кириши мумкин бўлади. Шунда тиғиз вақтларда бемалол [ҳаракатни] чеклашимиз мумкин. Қолган вақтда юк машиналари бемалол ҳаракатлана олади», – деди у «Ўзбекистон 24» телеканалининг «Менимча» кўрсатуви лавҳасида.

Бундан аввалроқ Тошкент шаҳри ҳокими Шавкат Умурзоқов ҳар куни пойтахтга 400 мингдан ортиқ автомобил кириб келиши, жамоат транспорти тизимли йўлга қўйилмагани ҳаракатни қийинлаштириб, тирбандликлар юзага келишига сабаб бўлаётганини айтиб ўтганди.

Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Бахтиёр Ҳайдаров шаҳарга кириш-чиқиш постлари кўчирилишини, бу ҳам тирбандликни камайтиришга хизмат қилишини айтган.

Умурзоқов тирбандлик муаммосини ҳал қилиш учун шаҳар ташқарисида автовокзаллар, кемпинглар, юк ва енгил автомобиллар учун тўхташ жойлари қурилиши, маблағ масаласи ҳал қилингани, лойиҳалаш ишлари 2025 йил, қурилиш ишлари эса кейинги йил бошида бошланиши режалаштирилганини маълум қилганди.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид