09:00 / 02.07.2018
30688

Шавкат Мирзиёев: Олмазор ихчам тўйлар бўйича шаҳарда намунавий туман бўлади

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳри Олмазор туманига ташрифи чоғида ўзбек халқининг энг оғриқли муаммоларидан бири – дабдабали тўйлар ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди. У туман фаоллари билан ўтказган йиғилишида “дабдабали тўйлар учун жавобгар”ни топгандан кейингина, тўйларни тартибга солиш бўйича қарор қабул қилинишини билдирди.

“Тўйга ўзи ким жавоб беради? – Ёмон тўй бўлди, бизга номаъқул тўй бўлди. – Кимга жазо бериш керак. Яна шу жазо бериладиган одамни топиб кейин қарор қабул қиламиз”, - дея ойдинлик киритди давлат раҳбари. 

Унинг айтишича, дабдабали тўйларни ҳеч ким ўз маоши эвазига қилмайди. Бу эса, оғир аҳволда кун кечираётган аҳоли ғазабини қўзғаши мумкин. 

“Тасаввур қилинг, ойлиги йўқ, иши йўқ, шифохонага боришга, дори олишга пули йўқ одамга 20та машинада тўй қилган одам қандай кўринади? Ёқадими? Мен ўйлайман ёқмайди. Адолатсиз. Ман-ман деган одамга битта савол: шу зўр тўй қилган одам ойлигига қила оладими? Энг оддий фуқаромиз ҳам сал ўзини тиклаб олсин. Уни, кечирасиз, оддий тилда айтганда, ғазабини келтирмайлик”, - деди Шавкат Мирзиёев. 

Президент Мирзиёев тўйлар хусусида маърузасини давом эттирар экан, Олмазор туманини Тошкент шаҳрида ихчам тўйлар ўтказиш бўйича намунали туман қилиш борасида таклифини билдирди ва топшириқлар берди. 

“Фарзандлар камолини кўриш, соғ-саломат юришса, қандай бахт! Кичкинагина тўй, тўйни пулини болангизни ҳисобига ўтказиб қўйинг. Ўзлари тўй қилсин. 50 киши билан тўй қилишни Олмазор тумани бошланглар. Уларни ҳам дарди бор ўзи. Олмазор тумани тўй-маросимларни ўтказиш бўйича намунавий туман бўлади шаҳарда.

Сенат қарор қабул қилаётганда тўйни қандай ихчам ўтказишни шу туман мисолида кўрсатади. Маҳалла раиси чиқиб, чиройли табрик ва дуони қилиб ўтказади. Хавф-хатар бўлмайди у ерда. 505та маҳаллада биттадан намунавий тўй бўлади”, - деди Шавкат Мирзиёев. 

Давлат раҳбарининг фикрича, тўйларни ихчамлаштириш масаласи шошилмасдан ҳал этилиши керак бўлган муаммолардан биридир.

“Шошилиб бўлмайдиган масала бу. Буни етти марта ўлчаб-бир марта кесмаса бўлмайди. Энди халқни алдаб бўлмайди”, - дея таъкидлади Ўзбекистон президенти.  

Top