Ўзбекистон | 18:23 / 29.05.2026
8783
3 дақиқада ўқилади

Президент фармони билан маданият ва санъат вакилларига давлат мукофотлари топширилди

Сенатда бўлиб ўтган тантанали маросимда маданият, санъат ва адабиёт соҳаси вакилларига “Шуҳрат” медали, “Дўстлик” ва “Меҳнат шуҳрати” орденлари ҳамда бошқа давлат мукофотлари топширилди.

28 май куни президент Шавкат Мирзиёев имзолаган фармонга мувофиқ маданият, санъат ва адабиёт соҳалари вакиллари давлат мукофотлари билан тақдирланди. 29 май куни эса ушбу мукофотларни топшириш маросими бўлиб ўтди.

Тақдирланганлар орасида халқ севган санъаткорлар, шоирлар, бастакорлар, театр ва кино вакиллари бор. Фармонга кўра уларнинг 52 нафари “Шуҳрат” медали, 44 нафари “Дўстлик” ордени ва 24 нафари “Меҳнат шуҳрати” ордени ҳамда бошқа турли мукофотлар билан тақдирланган.

“Ният қилардим президентимиз қўлларидан унвонлар, орденлар олишни. Ўшаларнинг ижобати бугун, жудаям хурсандман. Бу мукофот фақат менга эмас, бутун Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат академик мусиқали театрининг ҳар бир ходимига берилган баҳо, юксак эътироф. Жамоамиз жудаям хурсанд. Мақсуда Отажоновага “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист” унвони, Муқаддас Мамадалиевага “Шуҳрат” медали, менга “Меҳнат шуҳрати” ордени беришганидан бошимиз осмонда”, - дейди “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби.

Тақдирланганлар орасида устоз-шогирд анъанасини давом эттириб келаётган ижодкорлар ҳам бор.

“Биринчи қилган ишим “Шуҳрат” медалини тавсифи билан танишиш бўлди, ўқиб чиқдим ва бизнинг меҳнатимизни шунга лойиқ топишганидан хурсанд бўлдим. Ҳаммага, тақдирлаганларга раҳмат ва шунгача мен билан келишда бирга турган бутун жамоамга раҳмат айтаман. Бу ерда менинг исмим ёзилган, лекин жамоамиздаги хизмати бор бунда”, - дейди “Шуҳрат” медали соҳиби Миршакар Файзуллаев.

Шунингдек, миллий маданият ривожига ҳисса қўшган 24 нафар марҳум ижодкор ҳам давлат мукофотларига лойиқ кўрилди.

“Мен битта нарсани айтгим келади, бизни кузатаётган адолатли кўзлар борлигига юрак-юрагимдан ижодкор сифатида суюндим. “Ўлдинг-ўчдинг” деган гап тўғри эмаслигини бугун кўзимда ёш билан эсладим. Демак ҳар бир қилинган иш, ҳар бир натижаси аниқ ижодий маҳсулот бера олган ижодкорнинг ижоди бир чеккада қолиб кетмас экан. Қолмаяпти ҳам. Бу эътироф, бу эътибор. Буни қўлимизни кўксимизга қўйиб, бошимизни эгиб қабул қиламиз”, - дейди “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби Толиб Ҳожиев.

Тантанали маросим маданият ва санъат аҳлига қаратилаётган эътибор, миллий қадрият ва маънавиятни қўллаб-қувватлаш сиёсати изчил давом этаётганининг яна бир ифодаси бўлди.

Гулмира Тошниёзова
Муаллиф Гулмира Тошниёзова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид