Президент ўз табригида санъат усталари, ижодкорлар, ёш ижрочилар ва барча соҳа ходимларига фидокорона меҳнати учун самимий миннатдорлик билдирди. Унинг қайд этишича, сўнгги йилларда мамлакатда маданият ва санъат тизимини замонавий талаблар асосида ривожлантириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиб, соҳанинг моддий-техник базаси ва кадрлар салоҳияти мустаҳкамланмоқда.

Мурожаатда театр, кино, музей ва маданий тадбирлар сифати изчил яхшиланиб бораётгани, аҳолига кўрсатилаётган маданий хизматлар кўлами кенгаяётгани алоҳида таъкидланди. Шу билан бирга, замонавий бошқарув механизмлари жорий этилаётгани, давлат-хусусий шериклик асосида янги ижодий лойиҳалар амалга оширилаётгани, рақамли технологиялар ва илғор тажрибалар маданият муассасалари фаолиятига татбиқ этилаётгани қайд этилди.

Президент келтирган маълумотларга кўра, кейинги йилларда мамлакатда 2 та театр, 19 та маданият маркази, 16 та музей, 20 та мусиқа ва санъат мактаби, шунингдек, ушбу йўналишда 5 та олийгоҳ ташкил этилди. Кўплаб муассасалар замонавий жиҳозлар билан таъминланиб, 125 та тарихий-маданий мерос объектида асраш ва тиклаш ишлари амалга оширилди.

Шавкат Мирзиёев ўтган йили тасвирий ва амалий санъат соҳасини ривожлантириш бўйича алоҳида қарор қабул қилинганини, Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Миллий музейи биноси қурилиши бошланганини ҳам эслатди. Унинг таъкидлашича, жорий йилда Марказий кўргазмалар зали, Бадиий кўргазмалар дирекцияси фонди биноси ва Павел Беньков номидаги рассомлик мактабида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилиб, соҳа ходимларини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чоралар кўрилади.

Табрикда маданий дипломатия масаласига ҳам алоҳида урғу берилди. Қайд этилишича, сўнгги йилларда Ўзбекистон нуфузли халқаро форумлар, танловлар, фестиваллар ва маданият кунлари орқали жаҳон маданий майдонида тобора фаол иштирок этмоқда. Жумладан, Самарқанд шаҳрида ЮНЕСКО Бош конференциясининг сессияси, Бухорода Биринчи халқаро замонавий санъат биенналеси, Нукусда Орол маданияти саммити, Хоразмда Туркий дунё маданият форуми ва Тошкентда Марказий Осиё ҳамда Озарбойжон маданият вазирларининг биринчи учрашуви юқори савияда ташкил этилгани тилга олинди.

Шунингдек, давлат раҳбари ўзбекистонлик санъаткорларнинг халқаро майдондаги нуфузи ортиб бораётганини таъкидлади. Хусусан, Австриянинг Зальцбург шаҳридаги машҳур саҳнада Ўзбекистон Миллий балети томонидан “Лазги. Муҳаббат ва қалб рақси” балети намойиш этилгани, 9 апрель куни эса Musikverein саҳнасида Амир Темур таваллудининг 690 йиллигига бағишланган мусиқали опера асари тақдимоти ўтказилгани бунинг амалий ифодаси сифатида қайд этилди.