Жаҳон | 09:55 / 13.04.2026
6795
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Эрон портларини қамал қилишни бошлайди

АҚШ қуролли кучлари марказий қўмондонлиги блокадаси Форс кўрфази ва Ўмон кўрфазидаги барча Эрон портларини қамраб олади. Шу билан бирга, америкалик ҳарбийлар бошқа мамлакатлар кемалари Ҳўрмуз бўғозидан ўтишига тўсқинлик қилмаслиги қайд этилган.

Фото: Stringer/REUTERS

АҚШ қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) президент Доналд Трамп фармонига мувофиқ, 13 апрел куни Вашингтон вақти билан соат 10:00 (Тошкент вақти билан 19:00)дан бошлаб, Эрон портлари ва соҳилбўйи ҳудудларига кираётган ҳамда у ердан чиқиб кетаётган барча кемаларга нисбатан блокада бошланишини маълум қилди.

Хабарда Эрон портларига (Форс кўрфази ва Ўмон кўрфазидаги портлар ҳам) бораётган ва бу портлардан чиқаётган барча кемалар қайси мамлакатга мансублигидан қатъи назар блокланиши қайд этилган.

Шу билан бирга, АҚШ бошқа мамлакатларнинг кемалари Ҳўрмуз бўғози орқали ўтишига тўсқинлик қилмаслиги маълум қилинган.

Президент Доналд Трамп 12 апрел куни АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари «Ҳўрмуз бўғозига киришга ёки ундан чиқишга уринадиган барча кемалар истисноларсиз блокланиши» ҳақида маълум қилганди. У шунингдек флотга бўғоздан ўтиш учун Эронга тўлов қилган кемаларни аниқлаш ва қўлга олишни буюрганди.

АҚШ ва Эрон ўртасида Покистонда бўлиб ўтган музокаралар муваффақиятсизликка учраши, шунингдек Трампнинг «денгиз блокадаси»ни бошлаш қарори фонида Brent нефти яна бир баррел учун 100 доллардан ошди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид