Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
АҚШ вице-президенти: Эрон кейинги йўлни ўзи танлайди
АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши қандай давом этиши энди Теҳронга боғлиқ. Бу фикрни АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс 13 апрел, душанба куни кечқурун Fox News телеканали сайтида эълон қилинган интервюсида билдирди.
Фото: Julia Demaree Nikhinson / AP / ТАСС
Вэнс бу баёнотларни 11–12 апрел кунлари Покистонга қилган сафари ортидан айтди. У ерда у эронлик амалдорлар билан музокаралар ўтказган. Оммавий ахборот воситалари баҳосича, ушбу музокаралар сезиларли натижа бермаган.
“Тўп тўлиқ маънода уларнинг майдонида, — деди Вэнс. — Сиз кейин нима бўлишини сўраяпсиз. Менимча, кейинги жараённи эронликлар белгилайди”.
Унинг айтишича, Покистондаги музокараларда АҚШнинг ушбу можародаги устувор мақсадларини аниқ белгилаб олиш мумкин бўлган. Шу муносабат билан у жаҳон нефт савдоси учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган Ҳўрмуз бўғозини кемалар қатнови учун очиш масаласини алоҳида қайд этди. Ҳўрмуз бўғозини очиш АҚШнинг асосий талабларидан бири сифатида Reuters ва AP хабарларида ҳам тилга олинган.
Исломободдаги Эрон томони билан музокаралар якунлари ҳақида гапирар экан, АҚШ вице-президенти шундай деди: “Улар бизга қараб муайян қадам ташлади, шунинг учун мен айтишим мумкинки, биз айрим яхши сигналларни олдик, аммо улар етарли даражада олдинга силжимади”.
Вэнснинг сўзларига кўра, Покистондаги музокаралар Эрон вакиллари мустақил равишда келишув тузишга тайёр бўлмагани учун якунланган. Унинг таъкидлашича, улар келишилган шартларни мувофиқлаштириш учун Теҳронга қайтиши керак бўлган. Fox News ва бошқа манбалар ҳам Вэнснинг Эрон делегациясида якуний қарор қабул қилиш ваколати йўқ эди, деган мазмундаги баёнотларини келтирган.
Шу билан бирга, Вэнс ҳарбий устунлик америкаликлар томонида эканини ҳам айтди.
“Бизнинг қўлимизда кўп дастаклар бор. Бизнинг таъсир ўтказиш воситаларимиз бор ва эронликлар бунга қандай муносабат билдиришини кўрамиз”, — деди Жей Ди Вэнс.
“Агар эронликлар иқтисодий терроризмга мурожаат қилишга уринса (яъни, Ҳўрмуз бўғози орқали ўтаётган кемалардан ҳақ ундиришга — таҳр.), биз оддий тамойилга амал қиламиз: бирорта ҳам Эрон кемаси портдан чиқа олмайди, — деди Вэнс интервюда. — Биз бу улар учун жуда муҳим эканини биламиз. Бу қўшимча иқтисодий босим воситаларини яратишини ҳам яхши тушунамиз”.
Вэнснинг таъкидлашича, АҚШ воз кечишга тайёр бўлмаган мақсадлар қаторига Эроннинг бойитилган урани устидан АҚШ назоратини ўрнатиш ва келажакда Эрон ядровий қурол яратмаслигига ишонч ҳосил қилиш учун назорат механизмини шакллантириш киради. АҚШнинг Эрон ядровий дастурини чеклаш ва бойитилган уран устидан назорат ўрнатиш ҳақидаги талаби бошқа манбаларда ҳам қайд этилган.
Ўз навбатида, АҚШ энергетика вазири Крис Райт 13 апрел куни нефт нархлари яна бир неча ҳафта ўсишда давом этиши мумкинлигини билдирди. Унинг фикрича, бу Ҳўрмуз бўғозидаги кемалар қатнови “сезиларли” ҳажмга етгунига қадар давом этиши мумкин. Нефт бозорига босим кучайгани ва Ҳўрмуз масаласи жаҳон энергия таъминотига таъсир қилаётгани бир нечта халқаро нашрларда ҳам қайд этилган.
Мавзуга оид
08:06
АҚШ устунлиги хавф остида: атом энергетикасида янги лидер
22:20 / 13.04.2026
Трамп Эрон портларининг тўлиқ денгиз қамали бошланганини маълум қилди
22:16 / 13.04.2026
Суд Трампнинг WSJ нашрига 10 миллиард долларлик даъвосини рад этди
22:02 / 13.04.2026