Жаҳон | 14:49 / 16.12.2025
5187
4 дақиқада ўқилади

Сокин ишлаш имконияти – Японияда давлат идоралари қандай ишлайди?

Давлат идоралари тизимида юз берадиган тинимсиз ўзгаришларни тез-тез лойқаланиб турадиган кўлмакка ўхшатса бўлади – тина олмайдиган бунақа жойда бирон бир тартиб, бирон ички маданият шаклланмайди. Нагоя университети профессори Алишер Умирдинов ислоҳотлардан кейин бюрократияга тиним беришга қурилган япон тажрибаси ҳақида гапиради.

Фото: REUTERS

Сўнгги дам олиш кунларимни Токио ва Ёкоҳама шаҳарларида ўтказдим. Бир дунё чет эл туристлари! “Провинциал” японлар ҳам кўп. Токионинг қадимий жойларини – тарихни ўзида муҳрлаган масканларини кўришга иштиёқмандлар бисёр.

Туристлар кўз олдимда у ёқ-бу ёққа юрар экан, бир муддат ўтириб хаёл сурдим, фикр қилдим: қайси миллатда собит турувчи анъаналар, қадриятлар бўлса, ўша миллатнинг қўлидаги бойликнинг қадри тобора ортаверади, юксалаверади; худди антиквар нарсалар инвесторларга борган сайин жозибали кўриниб, қимматлашиб борганидек.

Бу – давлат бошқаруви тизимига ҳам тааллуқли. Керакли пайтда катта ислоҳотлар қилиш, аммо ислоҳотлардан кейин тиним олиш, сокинликда фаолият юритиш, яшаш. Ахир бюрократияга ўзининг қадриятини, таомилларини шакллантиришга, ички динамизми асосида бир текис ишлашга қўйиб бериш ҳам лозим.

Япония шундай ишлайди.

Масалан, 2020 йилдан кейин Япoнияда фақатгина 3 та янги давлат органи ташкил этилган холос. Булар: Казиноларни назорат қилиш қўмитаси, Рақамлаштириш агентлиги ҳамда Бола ва оила ишлари агентлиги. Бундан бошқа ўзгариш бўлмади.

Шундай бўлса-да, салкам 4,5 триллион долларлик иқтисодиётга эга Япония ҳукумати комплекс муаммоларни самарали ҳал этишда давом этмоқда. Чунки ҳар бир вазирлик ва агентлик ҳодимларига сокинлик ва барқарорлик муҳитида ишлашга имкон берилган.

Юртимизда ҳам узоқ давом этган биқиқликдан сўнг катта маъмурий ислоҳотлар бўлиб ўтди. Бўлиши ҳам керак эди. 2016-2020 йилларда Ўзбекистон тарихидаги энг шиддатли маъмурий ислоҳотлар амалга оширилди. 70 дан ортиқ давлат бошқаруви органлари фаолияти такомиллаштирилиб, қайта ташкил этилди. 20га яқин янги давлат идоралари тузилди. Буларнинг кўпи керакли ислоҳотлар эди. Аммо “қайта ташкил этиш”лар негадир бизда тинмай қолди. Ҳар 3-4 йилда деярли барча соҳа ўзгарадиган аҳволга келди.

Тизимда ишлайдиган инсонлар билан гаплашсангиз, бундай “ислоҳот” пайтларида жиддий стрессларни бошларидан кечиришларини айтишади. Меҳнат шартномалари тамомила бекор қилиниб, қайта тузилади. Олдин қурилган қадриятлар нолга туширилиб, қайтадан қуриш бошланади.

Натижада тизим гўё компютерга Windows қайта юклангани каби, нолга тушиб, иш қайтадан бошланади. Шунча қадрият, тажрибалар, тўпланган ноёб кадрлар йўқолади, сочилиб кетади.

Ватанини яхши кўрувчи, унга яхшилик истовчи инсон ўлароқ бу “бўҳрон”ларни ҳар сафар юртимга борганда ҳис қилиб, қалбим ўртанади.

Ўзгаришларга қарши эмасман. Аммо бир давлат органи ичида ҳам маълум бўлимларни бекор қилиш ва баъзиларини қайта ташкил қилиш орқали ҳам керакли натижага эришса бўлади, давлат органи ёки таълим даргоҳи қайта-қайта ташкил қилиниши шарт эмас. Бу орқали давлат бюджетининг катта қисми ҳам асраб қолинади, давлат ишчиларининг вақтлари ҳам тежалади.

Бизга сокинлик даври ҳам керак – шакл учун эмас, шу пайтгача амалга оширилган ислоҳотларни ҳазм қилиш учун. Япон тажрибаси бизга шивирлайдиган ҳақиқатлардан бири бу.

Алишер Умирдинов,
Нагоя университети профессори

Тайёрлаган:  Шокир Шарипов

Мавзуга оид