16:55 / 01.02.2021
17377

Шаҳрихондаги алвастикўприк: маҳалла аҳли неча йилларки янги кўприкдан умидвор

Файзиобод маҳалласидаги 55 йиллик кўприк у орқали мактабга қатнайдиган болалар учун айниқса хавфли. Маҳалла аҳли янги кўприк қурилишини сўраб, йиллардан буён масъулларга мурожаат қилиб келади.

Kun.uz таҳририятига Андижон вилояти Шаҳрихон туманида истиқомат қилувчи фуқаролардан мурожаат келиб тушди. Улар тумандаги Қўрғонча МФЙ Файзиобод маҳалласи ёнидан оқиб ўтувчи Шаҳрихонсой устига қурилган кўприк яроқсиз ҳолатга келиб қолгани, бу одамларга катта қийинчиликлар туғдираётганини баён қилишган.

Биз масалани ўрганиш учун Шаҳрихон ва Бўстон туманлари кесишган жойга бордик. Фуқаролар мурожаатида тилга олинган кўприк шу ерда; Файзиобод маҳалласида яшовчи аҳоли шу кўприк орқали Андижон–Қўқон йўлининг Бўстон туманидан ўтган қисмига чиқиб борар экан.

Кўприкка ўтиш учун ўрмон хўжалигига қарашли дарахтзор орасидан қарийб 300 метрча келадиган йўл очилган. Шу йўлдан кириб бориб, сой бўйида ўнг томонга қараб 50–60 метр юрилса, ўша кўприк олдидан чиқилади. Ундан ўтсангиз, салкам 50 хўжалик, 300 нафар аҳоли яшайдиган Файзиободга кириб борасиз.

Бу маҳаллада яшовчиларнинг деярли барчаси ўз хонадонида чорвачилик билан шуғулланади. Яъни томорқасида мол-қўй боқиб, шундан даромад олади. Маҳалла аҳлини кўприк ва тоза ичимлик суви муаммолари қийнаб келади.

 

Маҳалла кексаларининг айтишича, бу жойларда ўтган асрнинг ўрталарида собиқ колхозга қарашли чорвачилик ферма, унинг атрофи кенг далалар бўлган. Фермада қарийб 90–100 нафардан ишчи меҳнат қилган. Улар узоқроқдаги маҳаллалардан келиб ишлашган. Ҳар куни келиб-кетавериш кўпчиликни қийнаб қўйган. Шу боис ферма атрофидан ишчиларга навбатма-навбат ер берилган ва тез орада бу ерларда янги уйлар қурила бошлаган. Шу тариқа, янги маҳалла пайдо бўлган.

Шаҳрихонсой устидаги кўприк ҳам ўша кезларда қурилган.

Маҳалладагиларнинг айтишича, улар кўприкни янгилаб беришни сўраб туман ва вилоят ҳокимликларига бир неча марта мурожаат қилишган. Маҳалла оқсоқоли мурожаатларга тааллуқли ҳужжатларни бирма-бир кўрсатди. Бу мурожаатлар юзасидан ваъдалар берилган, лекин ҳозиргача натижа бўлгани йўқ.

«Мен 36 йилдан бери маҳалла оқсоқолиман. Ҳудудга дастлаб бешта хўжалик кўчиб келганмиз. Мана ҳозир 50 хўжаликка етиб қолдик. 300 нафардан ортиқ фуқаро бор.

Мана шу кўпригимиз қурилганига 55 йил бўлиб қолди. Собиқ СССР пайтида қилганмиз. Ҳозир президентимиз раҳнамолиги билан обод қурилиш ишлари бўляпти, обод дастурлар бўляпти. Шундан илҳомланган ҳолда мен вилоят ҳокимига ариза қилдим.

Биринчи масалам – кўприк, иккинчиси – ичимлик суви. Учинчиси – столбалар. Улар ҳам 55 йиллик ёғоч столбалар, чириб ётибди, шамол бўлса симлар узилади, қаердандир монтёрларни олиб келиб улатиб ёруғлик қиламиз. Хавфли ҳолатда, ҳам томдан томга ўтган.

Туман ҳокимлигига ҳам аризалар қилганман, исботи учун расмлари билан. 7 йилдан бери мурожаат қиляпман.

Қабристонимиз ўрмон хўжалиги ичида. Ўлигимиз ҳам, тиригимиз ҳам шу кўприкдан ўтади. Амбарни кўтариб, навбатма-навбат олиб ўтамиз. Тушиб кетмасин деймиз», – дейди Абдуманноб ота Исмонов.

Кўприк бошида маҳаллада яшовчи бошқа фуқаролар билан суҳбатлашдик. Улар фарзандларини авария ҳолатидаги кўприкдан мактаб, боғчага ўтиш учун қийналаётганидан арз қилишди. Ота-оналар ўқувчи болалари мактабдан кеч қолишса, кўприк бошида хавотир билан кутиб туришар экан.

Кўприкни аҳоли йиллар давомида устма-уст тахта қоқиб, ямаб туради. Қиш кунлари ёғингарчиликда сирпанчиқ кўприк устидан ўтиш яна минг азоб. Тўй ва бошқа маросимларда айниқса қийин.

Автомобили борлар уловини сойнинг у бетига қўйиб, пиёда ўтади.

«Ёғингарчилик кунлари бу томонга юриб бўлмайди. Бемалолчилик кунларида юрса бўлади. Ёғингарчилик бўлган куни машинани шу ерга қўйиб кетамиз. Анави ерда бир оила яшайди, уларга машинага қараб туринглар, деб ўтиб кетамиз. Ёз кунларида у ёқдан ўтамиз, лекин қиш кунларида умуман ўтишнинг иложи йўқ у томондан. Хавфли, сой бўйи. Йўллар ҳам ўйдим-чуқур, лой, ботқоқ бўлиб ётибди.

Сойда сув кўпайганда сув кўпригимизнинг устидан ошиб ўтади. Ёз, қиш кунларида ҳам шунақа бўлиб кетади. Шуни кечиб ўтамиз баъзи пайтларда. Мактабда ўқийдиганлар ҳам шу ердан кечиб ўтади», – дейди Ражабали Хонкелдиев.

Мухтасар қилиб айтганда, Файзиободнинг 300 нафар аҳолиси «катта ер» билан боғлаб турувчи кўприк ўрнига янгиси қурилишини, ичимлик суви ва электр тизими муаммолари ҳал бўлишини кутмоқда. Вилоят ва туман мутасаддилари масалалар ечимини ортиқ куттирмайди, деб умид қиламиз.

Элмурод Эрматов
Жаҳонгир Маҳмудов

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Top