Ўзбекистон | 20:28 / 03.12.2025
9160
2 дақиқада ўқилади

Бу «ҳайфсан» билан битадиган иш эмас: Шаҳрихонда бузиб ташланган тандирлар бадалини ким тўлайди?

Шаҳрихонда «экологияга зарар етказаётгани» важи билан тандирларнинг бузиб ташланиши ортида туман ҳокими Ҳикматулло Дадахонов тургани маълум бўлди. У «ҳайфсан» билан жазоланди, аммо очиқ қолаётган саволлар бор: тандир эгаларига етказилган зарарни ким тўлайди? Кимдир ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликка тортиладими?

Фото: Шаҳрихон тумани ҳокимлиги

Фуқаролик қонунчилигига мувофиқ мулк ҳуқуқи шахснинг ўзига қарашли мол-мулкка ўз хоҳиши билан ва ўз манфаатларини кўзлаб эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш, шунингдек ўзининг мулк ҳуқуқини, ким томонидан бўлмасин, ҳар қандай бузишни бартараф этишни талаб қилиш ҳуқуқидан иборатдир.

Тандир ҳам мулк ҳисобланади.

Давлат бузилган хусусий мулк ҳуқуқи тикланишини ва унинг суд орқали ҳимоя қилинишини кафолатлайди. Мулкдорга етказилган зарарнинг ўрни уни етказган шахс томонидан қонунчиликка мувофиқ тўла ҳажмда қопланиши керак.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 61-2-моддасига кўра ўзганинг мулкини қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш, оз миқдорни (БҲМнинг 30 бараваригача, 12 млн 360 минг сўмгача) ташкил этса базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Тандир ясовчилар билан гаплашдик, бир дона тандир нархи ўрнатиб бериши билан 3-4 млн сўм атрофида бўлмоқда. Демак, маъмурий ҳуқуқбузарлик таркиби бор.

Воқеалар ривожини кузата олмай қолганлар учун эслатиб ўтамиз:

Андижонда ҳаво ифлосланишига қарши рейдлар сомсахоналарни ҳам қамраб олди. Хусусан, Шаҳрихон туманида сомса ёпиладиган тандирлар экскаваторлар билан бузиб ташланган.

Туман ҳокимлиги баёнотида айтилишича, рейдлар вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновнинг топшириғи асосида ўтказилган.

Тандирлар бузилиши интернетда резонансга сабаб бўлгач ҳокимлик Telegram-каналидан бу хабар, унга илова қилинган видео ва суратлар ўчириб юборилди.

Туманни 2017 йилдан буён бошқариб келаётган Ҳикматулло Дадахоновга «ҳайфсан» интизомий жазоси қўлланди.

Масала шу билан ёпилиб кетса қонунлар амалда ишламаган бўлади. Чунки бу ерда иккита масала ҳали очиқ: тандир эгаларига етказилган зарарни ким тўлайди? Кимдир ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликка тортиладими?

ҳуқуқшунос

Дилшод Абдуқодиров
Тайёрлаган Дилшод Абдуқодиров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид