Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистон ташқи қарзи 2025 йилда 18 млрд долларга ошди. Бу рекорд кўрсаткич
2025 йил якунлари бўйича Ўзбекистон умумий ташқи қарзи 82,2 млрд долларга етди. Бунда давлат ташқи қарзи 40,5 млрд доллар (+6,6 млрд), хусусий сектор ва давлат компанияларининг ташқи қарзлари эса 41,7 млрд долларга (+11,5 млрд) тенг бўлди. Ўтган йил давомида қарз 18,1 млрд долларга ошди, бу рекорд суръатдаги ўсишдир. Умумий ташқи қарзнинг ЯИМга нисбатан улуши 55,8 фоизни ташкил этяпти.
2025 йил якунлари бўйича Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи 82,2 млрд долларга етди. Бу – Марказий банк ҳисоботида келтирилган.
Умумий ташқи қарз бир йил ичида 18,1 млрд долларга кўпайган. Ташқи қарзларнинг 40,5 млрд доллари – давлат қарзи, 41,7 млрд доллари – корпоратив ташқи қарзлардан иборат.
«Корпоратив ташқи қарз таркибида тўғридан тўғри инвестиция киритган хорижий инвесторлардан жалб қилинган қарз маблағлари қолдиғи 6,5 млрд долларни, халқаро облигациялар жойлаштириш орқали жалб қилинган маблағлар қолдиғи эса 7,3 млрд долларни ташкил этди. Қолган қисми эса хусусий сектор, жумладан, хўжалик субъектлари ва банклар томонидан инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш, айланма маблағларни тўлдириш ва бизнес фаолиятини кенгайтириш мақсадларида давлат кафолатисиз жалб қилинган кредит ва қарзлар ҳисобига шаклланди», дейилади МБ шарҳида.
Ташқи қарз миқдори қандай ўзгаряпти?
2025 йилда Ўзбекистон тарихида энг юқори ташқи қарз ўсиши қайд этилди – 18,1 млрд доллар. Статистик маълумотлар юритила бошлаганидан бери ташқи қарзнинг энг юқори ўсиши пандемия давридаги 2020 йилда (9,2 млрд доллар), 2023 йилда (9,8 млрд доллар) ҳамда 2024 йилда (10,8 млрд доллар) кузатилди. Қонун билан тартибга солиш механизмларининг жорий қилиниши давлат ташқи қарзининг ошишини нисбатан мўътадиллаштирди. Масалан, давлат ташқи қарзининг ўсиши 2020 йилда 5,5 млрд, 2021 йилда 2,3 млрд, 2022 йилда 2,1 млрд, 2023 йилда 3,9 млрд, 2024 йилда 4,2 млрд, 2025 йилда эса 6,6 млрд долларни ташкил этди. Бу даврда умумий ўсиш қарийб 90 фоиз бўлди. Корпоратив қарз миқдорида эса кескин ўсиш кузатиляпти. Хусусан, 2020-2025 йиллар оралиғида бу кўрсаткич 3,3 баробарга ёки 12,5 млрд доллардан 41,7 млрд долларгача ошди.

Жорий операциялар ҳисоби
2025 йилда жорий операциялар ҳисоби тақчиллиги ЯИМга нисбатан 3,9 фоизни (5,8 млрд доллар) ташкил этиб, 2024 йилдаги 4,7 фоизга (5,7 млрд доллар) нисбатан 0,8 фоиз бандга қисқарди. Ҳисобот даврида экспортнинг импортга нисбатан юқорироқ суръатларда ўсиши кузатилган бўлса-да, импорт ҳажмининг экспортга нисбатан катта бўлгани сабаб товар ва хизматлар савдоси баланси манфий шаклланиб, 19,9 млрд долларни ташкил этди.
Иккиламчи даромадлар бўйича жорий трансфертларнинг соф ҳажми сезиларли даражада ошиши натижасида мазкур компонент 13,7 млрд доллар миқдорида ижобий салдо билан шаклланиб, бирламчи даромадлар бўйича соф тушумлар (371,4 млн доллар) билан биргаликда савдо балансидаги манфий салдони қисман қоплади.

2025 йилда халқаро бозорларда хомашё нархларининг юқори даражада сақланиб қолиши, шунингдек, экспортбоп маҳсулотларга ташқи талабнинг ортиши ва норезидентларга кўрсатилган хизматлар кўламининг кенгайиши таъсирида жами экспорт ҳажми 2024 йилга нисбатан 23 фоизга ўсиб, 32,3 млрд долларни ташкил этди (олтинсиз экспорт – 22,5 млрд доллар, ўсиш 20 фоиз).
«Асосий экспорт хомашё маҳсулотларининг жаҳон бозоридаги нархлари таҳлилига кўра, 2025 йил давомида олтин нархи йил бошига нисбатан 63 фоизга, кумуш нархи 2 баробарга, мис нархи 32 фоизга ва уран нархи 5 фоизга ошган. Шу билан бирга, тўқимачилик саноатининг асосий хомашёси ҳисобланган пахтанинг жаҳон нархи 7 фоизга пасайган», дейилади МБ шаҳрида.
2025 йилда жами импорт ҳажми 2024 йилга нисбатан 20 фоизга кўпайиб, 52,2 млрд долларга етди. Бу мамлакатда инвестициявий фаоллик ва ички истеъмол талаби юқори даражада сақланиб қолиши шароитида машина ва ускуналар, кимёвий ва минерал маҳсулотлар, шунингдек, маиший ва озиқ-овқат товарлари ҳамда бошқа хомашё импортининг давом этиши билан изоҳланади. Шунингдек, импортнинг энг юқори ҳажми ўтган йилнинг IV чорагига тўғри келиб, 15,3 млрд долларни ташкил этди.
Марказий банк маълумотига кўра, 2025 йилда Ўзбекистонга тўғридан тўғри хорижий инвестицияларнинг соф киритилиши ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,5 баробарга ўсиб, 4,4 млрд долларга тенг бўлди.
Портфел инвестицияларнинг соф жалб қилиниши асосан халқаро облигациялар билан боғлиқ операциялар ҳисобига ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 40 фоизга ошиб, 4,4 млрд долларга тенг бўлди.
Мавзуга оид
22:02 / 02.05.2026
Ўзбекистон ва Қирғизистон “Қамбарота ГЭС-1” қурилиши бўйича музокара ўтказди
11:48 / 16.04.2026
Ўзбекистонда аҳоли сони бўйича янги маълумот эълон қилинди
09:56 / 16.04.2026
Ўзбекистонда молиявий жарималар бўйича янги тартиб жорий этилади
20:03 / 05.04.2026