Ўзбекистон | 17:35 / 03.03.2021
18560
2 дақиқада ўқилади

Россияда ўзбек тилидаги 12та телеканал намойиши йўлга қўйилади

SPB TV компанияси Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси (МТРК) билан ўзбек тилидаги кўрсатувларни бутун МДҲ бўйлаб трансляция қилиш бўйича шартнома имзолади. Трансляция март ойидан бошланиши кўзда тутилган.

SPB TV компанияси ва МТРК ўртасида 12та ўзбек тилидаги телеканалларни март ойидан бошлаб МДҲ давлатларида намойиш этиш бўйича шартнома тузилди.

«Келишувга мувофиқ, биринчи марта ўзбек тилидаги контентлар Россия ва МДҲ мамлакатларидаги телевизион платформаларга расмий кириш ҳуқуқини олади. Потенциал равишда барча ҳудудлардаги томошабинларнинг сони камида 2,5 миллион кишини ташкил қилади», дейилган компания матбуот хизмати хабарида.

Трансляциялар март ойида бошланиши режалаштирилган ва баъзи провайдерлар билан келишувларга эришилган.

МДҲ давлатларидаги томошабинлар ўзбек тилида янгиликлар, спорт ва кўнгилочар дастурлардан барча медиа қулайликлари ёрдамида фойдаланиши мумкин.

SPB TV бош директори Кирилл Филиппов ҳозирда Ўзбекистоннинг 2 миллиондан ортиқ фуқаролари доимий равишда Россияда яшашини қайд этиб ўтган.

«Ушбу аудитория ўз она тилидаги дастурлардан ажралиб қолди. Бизнинг МТРК билан келишувимиз бу муаммони ҳал қилади. Ишонаманки, ўзбек тилидаги сифатли ва хилма-хил дастурлар талабга жавоб беради ва монетизация учун янги истиқболларни очиб беради», деб таъкидлаган у.

Мавзуга оид