Жамият | 17:42 / 09.02.2023
39775
5 дақиқада ўқилади

“Билим ва маҳорати устида доимий ишлаган, албатта, қадр топади” — ойига минг доллар топаётган мактаб ўқитувчиси

Ўзбекистон мактабларида берилаётган таълим сифати танқид қилинаркан, бунга сабаблардан бири сифатида ўқитувчилар ойлигининг пастлиги ҳам айтиб келинади. Сўнгги йилларда соҳага ва ўз устида ишловчи ўқитувчиларга бўлаётган эътибор, яратилаётган имкониятлар сабаб, ойлиги сезиларли юқори ўқитувчилар кўпаймоқда.

Биз ана шундай устозлардан бири – Андижон вилояти Шаҳрихон туманидаги 44-сонли ихтисослашган давлат умумтаълим мактабининг биология фани ўқитувчиси Дилбар Ғуломова билан суҳбатлашдик.

Дилбар Ғуломова ўзи ҳақида

— Ўзбекистон Миллий Университети биология факултетини бакалавриат, магистратура ва биокимё йўналишида аспирантурани тугатганман.

2008 йилдан буён ўқитувчилик қиляпман. Унгача ЎзМУда лаборант, Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг Онкология ва Радиология илмий тадқиқот институтида муҳандис технолог бўлиб ишлаганман.

Турмушга чиққанимдан сўнг турмуш ўртоғим билан қишлоққа қайтдик. Устозим “Ўзбекистон Қаҳрамони” Камолиддин Ғопиров раҳбарлик қилаётган, биология ва кимё фанларига ихтисослаштирилган 44-мактабда ишлай бошладим.

Мактабда дарс беришдан ташқари биология фанидан тўгарак ҳам ташкил қилганман. Шулар сабаб бўлиб, ҳар йили 50-100 нафар ўқувчиларим олий ўқув юртларига ўқишга қабул қилинади. Маҳалламизда айниқса, қиз болаларнинг олий маълумотли бўлишларига ҳиссамни қўшаётганимдан фахрланаман.

Ўқувчиларим орасида биология фанидан вилоят республикаси босқичларида муваффақиятли иштирок этиб келаётганлари кўп. Масалан, ўқувчим Маҳмудов Ҳожиакбар биология фанидан вилоят олимпиадасида 8-синфдан 11-синфгача биринчиликни ҳеч кимга бермади, шу билан бирга 2021 йил Тошкент Тиббиёт Академиясига 100 фоизлик натижани кўрсатиб, 189 балл билан 1-ўринда ўқишга қабул қилинди.

“12 млн ойлик оляпман”

— Топаётган пулинг қиймати сенинг илм олишга сарфлаган пулинг ва вақтинг билан пропорционал, яъни тенг.

2018 йил “Йил ўқитувчиси” кўрик танловининг республика босқичида фахрли 3-ўринни эгалладим. 2021 йил “Эл юрт умиди” фонди стипендия танловида АҚШнинг Гарвард Университетида малака ошириш имкониятини қўлга киритдим. Пандемия шароитида карантин чекловлари бўлгани учун Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридаги А.Герсен номидаги ва Я.Мудрий номидаги Новгород Давлат Университети профессор ўқитувчиларидан биология фанининг ютуқлари ва ўқитишнинг замонавий усулларини ўрганиб қайтдим.

Таълим сифатини ривожлантириш, соҳасида, ўқитувчиларнинг моддий фаровонлигини ошириш мақсадида Ўзбекистонда яқин 5-6 йилда катта ишлар қилиняпти. Жамиятда ўқитувчиларнинг мавқейини ошириш борасида ҳам сезарли ўзгаришлар бўлди. Масалан, Ўзбекистон президенти қарорига кўра, фан олимпиадаларининг республика босқичида ғолибликни қўлга киритган педагог кадрларнинг ойлик маошига ҳар ойлик 100 фоизлик устама берилиши белгилаб қўйилган. Бугун шу каби имкониятлар сабаб мен 12 миллиондан ошиқроқ маош оляпман.

Мактабда ўқувчилик вақтимдаёқ биология фан олимпиадасининг республика босқичида 9-синфда 1-ўринни, 10– ва 11-синфларда 2-ўринни эгаллаганман. Ҳозирги ойлик маошимга қўшиб берилаётган ҳар ойлик устама учун устозим Таваккилжон Дадахоновдан миннатдорман.

“Билим ва маҳорати устида доимий ишлаган ўқитувчи, албатта, қадр топади”

— 2022 йил мен учун алоҳида омадли келди. Халқ таълими вазири устамаси учун ўтказилган тест синовида 100 фоизли натижани кўрсатдим. Шунингдек, биология фанидан умумтаълим фанларини билиш сертификатини қўлга киритдим.

Фикримча, билим ва маҳорати устида доимий ишлаган, ўқувчиларга билим беришнинг замонавий усулларидан фойдаланган ўқитувчи албатта қадр топади.

Ўқитувчи жамият тараққиётини ўзгартириши мумкин бўлган шахс, чунки жамиятнинг ривожи биз билим берган ва тарбиялаган ёшларга боғлиқ.

Шунингдек, бугун ўқитувчига фақат ўз фанинигина билиш етарли эмас. У масалан, кимё ва биология фанларини инглиз тили билан бирга, шу соҳадаги янгиликларга қўшиб ўқитаркан, унинг ўқувчилари дунё тан олган мутахассис даражасига етиши мумкин.

Ўқитувчи ҳар бир дарсга киришидан олдин нима учун бу ердалигини ва ҳозир нима қилишини аниқ билиши шарт.

Мактабларда таълим сифатини қандай ошириш мумкин?

— Ўзбекистонда таълим сифатини ошириш учун замонавий дарсликлар, мактабларнинг моддий техник базасини яхшилаш ва шу жиҳозларнинг амалий аҳамиятини кўрсатиб бера оладиган фидойи устозлар керак.

Шунингдек, бугун нарх-наво кундан кунга ошиб бораркан, ўқитувчиларнинг дарс давомида кечки овқатга гўшт сололаманми-йўқми, деган ўйда бўлмаслиги, яъни иқтисодий таъминлангани жуда муҳим. Биз бугун 1000 доллар ойлик олаётган ўқитувчилар ҳақида кўп гапиряпмиз. Ҳа, уларнинг сони ошиб боряпти, лекин ўқитувчиларнинг умумий сонига ҳисоблаганда, бу жуда кам.

Илёс Сафаров суҳбатлашди.

Мавзуга оид