Жаҳон | 22:01 / 25.07.2025
23148
2 дақиқада ўқилади

Рамзон Қодиров Туркияда дам олаётганда чўкиб кетишига сал қолди – ОАВ

Чеченистон раҳбари денгизда чўмилганида мазаси қочган, ҳатто типирчилаб, нафас ололмай қолгани таъкидланмоқда.

Фото: РИА Новости

Чеченистон раҳбари Рамзон Қодиров Туркиянинг Бодрум шаҳридаги таътил пайтида сувга чўкиб кетишига сал қолди, деб хабар берди бир қанча турк оммавий ахборот воситалари (1, 2, 3, 4).

Таъкидланишича, ҳодиса Бодрумнинг Қайнар туманидаги беш юлдузли меҳмонхонада содир бўлган. Қодиров денгизда чўмилганида мазаси қочган, ҳатто типирчилаб, нафас ололмай қолган.

Меҳмонхона ходимлари (бошқа маълумотларга кўра - қирғоқ қўриқлаш хизмати) тез ёрдам чақирган, Қодировга соҳилда биринчи ёрдам кўрсатилган, шундан сўнг хусусий шифохонага етказилган. ОАВ маълумотларига кўра, ҳозир Чеченистон раҳбари ўзини яхши ҳис қилмоқда, унинг ҳаётига ҳеч нарса хавф солмаяпти.

Сўнгги бир неча йил ичида Рамзон Қодировнинг соғлиғи ёмонлашгани ҳақида кўплаб тасдиқланмаган хабарлар тарқалмоқда. Таъкидланишича, у 2019 йилдан бери ошқозон ости безининг оғир касаллиги туфайли йилига камида икки марта даволанади, баъзан жарроҳлик муолажаларидан ўтади.

2025 йилда Чеченистон раҳбари ҳокимиятни оила аъзоларига, хусусан, 17 ёшли ўғли Адамга топшириш бўйича саъй-ҳаракатларни фаоллаштиргани ҳақида хабарлар тарқалди.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид