Жаҳон | 14:48 / 28.04.2026
3802
8 дақиқада ўқилади

Путин-Ароқчи учрашуви, Эрон таклифини рад этган Трамп ва Индонезияда тўқнашган поездлар – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

АҚШ Эроннинг таклифини рад этди

АҚШ президенти Доналд Трамп Эроннинг икки ойлик урушни ҳал қилиш бўйича сўнгги таклифидан норози. Эрон таклифига кўра, ядровий дастур бўйича музокаралар — уруш тугамагунча ва Ҳўрмуз билан боғлиқ низолар ҳал қилинмагунча четга суриб турилиши керак эди.

Трамп душанба куни ўз маслаҳатчилари билан учрашган. Reuters’нинг ёзишича, Эроннинг бу шартлари – ядровий масалаларни бошиданоқ муҳокама қилиш кераклигини таъкидлаётган АҚШни қониқтирмайди. Трамп айнан шу сабабли Эрон таклифидан норози бўлган.

Оқ уй матбуот расмийси Оливия Уэлс АҚШ «матбуот орқали музокаралар олиб бормаслигини» ва Трамп маъмурияти ўзининг «қизил чизиқларини аниқ белгилаб олганини» айтди.

Урушаётган томонлар ҳали ҳам келишувдан йироқ экани сабаб нефт нархи сешанба куни Осиёдаги савдоларда ўсишда давом этди.

Россия Эронни қўллаб-қувватламоқда

Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи душанба куни Санкт-Петербургда Россия президенти Владимир Путин билан учрашди.

Эрон иттифоқчиси бўлган Москва Украинага қарши кенг кўламли босқинни давом эттирар экан, шу пайтгача Яқин Шарқдаги можарога бевосита аралашишдан тийилиб келмоқда. Бироқ Путин душанба куни ўз ёрдамини таклиф қилиб, Эрон урушнинг ушбу «оғир давридан» ўтиб олишига умид билдирди.

«Ўз навбатимизда, биз сизнинг манфаатларингизга, минтақадаги барча халқларнинг манфаатларига хизмат қиладиган ва тинчлик имкон қадар тезроқ ўрнатилиши учун барча чораларни кўрамиз», деган Путин.

Рус ОАВларига интервю берган Ароқчи Покистонда ўтган музокараларнинг биринчи раунди самарасиз якунлангани учун АҚШни айблади.

«АҚШ ёндашуви ва ҳаддан ташқари талаблари туфайли, маълум бир силжишлар бўлганига қарамай, аввалги музокаралар ўз мақсадига эриша олмади», деди Ароқчи. Шунингдек, у «Ҳўрмуз бўғози орқали хавфсиз ўтиш муҳим глобал масала» эканини қўшимча қилди.

Ароқчининг ушбу сафарлари АҚШ билан музокаралар боши берк кўчага кириб қолган, ҳар икки томон бир-бирининг талабларини рад этаётган бир вақтда амалга оширилмоқда.

Индонезияда поездлар тўқнашуви

Душанба куни кечқурун Индонезия пойтахти Жакарта яқинида шаҳар атрофи бўйлаб қатновчи ва узоқ масофага ҳаракатланувчи поездлар тўқнашди. Камида 14 киши ҳалок бўлган, яна 84 киши жароҳатланган. Индонезия қидирув ва қутқарув агентлиги сешанба куни эвакуация ишлари якунланганини маълум қилди.

Маълум қилинишича, шаҳар атрофи поезди дастлаб релсдаги такси билан тўқнашган, шундан сўнг уни узоқ масофага қатновчи поезд уриб юборган. Индонезия Миллий транспорт хавфсизлиги қўмитаси ҳалокат юзасидан тергов олиб бормоқда.

Ушбу тўқнашувда энг катта зарба фақат аёллар учун мўлжалланган вагонга тўғри келган. Қурбонларнинг барчаси аёллар бўлиб, уларнинг аксарияти эзилган металл конструкциялар орасида қисилиб қолган.

Шаҳар атрофи поездлари зич аҳолига эга шаҳар – Жакартадаги энг гавжум транспорт турларидан ҳисобланади. Ҳалокатдан сўнг президент Прабово Субианто тирбандлик муаммосини ҳал қилиш учун темирйўл яқинида эстакада қуришга келишганини, шунингдек, ҳукумат тўқнашув сабабларини ўрганишини айтди.

Покистон яна Афғонистонга зарба берди

Покистоннинг Афғонистон шарқидаги Кунар провинциясига уюштирган ҳужумлари оқибатида камида етти киши ҳалок бўлди ва 75 киши жароҳатланди. BBC нашрининг «Толибон» ҳукуматига таяниб ёзишича, жароҳатланганларнинг 30 нафари университет талабалари ҳисобланади.

Покистон Ахборот вазирлиги университет ва турар жой ҳудудларига ҳужум қилинганини рад этиб, бу хабарларни «фейк» деб атади. Кунардаги ҳужумлар ҳақидаги хабарлар Покистоннинг Кобулдаги наркологик реабилитация марказига ҳаво зарбалари бериб, 269 кишини ўлдирганидан бир неча ҳафта ўтиб пайдо бўлди.

«Толибон» вакилларининг айтишича, Кунар провинциясига миномёт ва ракеталардан ўт очилган. Бошқа манбалар BBC’га ҳужумда қирувчи самолётлар ва дронлардан фойдаланилганини билдирди.

Сўнгги ойларда Покистон ва Афғонистон ўртасидаги чегараолди тўқнашувларида юзлаб одам ҳалок бўлди ёки жароҳатланди. Апрел ойи бошида Хитой воситачилигида Урумчида бўлиб ўтган музокаралардан сўнг ўрнатилган мўрт сулҳ шу пайтгача сақланиб келаётган эди.

Покистоннинг ўзи Эрон ва АҚШ ўртасидаги урушда воситачилик қиляпти. Унинг «Толибон» билан муносабатлари — афғонлар «Покистон Толибони» гуруҳига бошпана берганидан кейин ёмонлашган.

Украина ЕИга кириш шарт

Германия канцлери Фридрих Мерц Украина Россия билан келажакдаги тинчлик шартномасида ўз ҳудудининг бир қисми Киев назоратидан ташқарида қолиши мумкинлигига ишора қилди. У бундай ён босишларни мамлакатнинг Европа Иттифоқига аъзо бўлиш истиқболлари билан боғлади.

«Қайсидир паллада Украина ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги битимни, қайсидир паллада эса умид қиламизки, Россия билан тинчлик шартномасини имзолайди. Ўшанда Украина ҳудудининг бир қисми энди унинг таркибида бўлмаслиги мумкин», деди Мерц.

«Агар президент Зеленский буни ўз халқига етказмоқчи бўлса ва бу қарор учун кўпчиликнинг қўллаб-қувватлашига эришиши керак бўлса — бунинг учун у референдум ўтказиши лозим. У ҳолда у бир вақтнинг ўзида халққа: мен сизлар учун Европага йўл очдим, деб айта олиши керак», дея қўшимча қилди Мерц.

Ҳозирда Украина иттифоққа аъзоликка расмий номзод мақомига эга. Бироқ Мерц аъзолик жараёни тез фурсатда амалга ошиши борасида ортиқча умидга берилмасликдан огоҳлантирди. Унинг сўзларига кўра, Украина уруш ҳолатида бўла туриб иттифоққа қўшила олмайди ва аввало ҳуқуқ устуворлиги ҳамда коррупцияга қарши кураш каби қатъий мезонларга жавоб бериши шарт.

«Зеленскийда 2027 йил 1 январдан ЕИга қўшилиш ғояси бор эди. Бу амалга ошмайди. Ҳатто 2028 йил 1 январ ҳам реалистик эмас», деди Мерц.

Нигерияда қонли ҳужум

Нигерия шимоли-шарқидаги Адамава штатида жангарилар қишлоққа ҳужум қилиши оқибатида камида 29 киши ҳаётдан кўз юмди.

Расмийларга кўра, ИШИД ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олди, бироқ ҳужум сабабларини очиқламади. Маҳаллий аҳоли сўзларига кўра, жангарилар одамлар тўпланган футбол майдонига бостириб кириб, тартибсиз равишда ўт очишган. Шундан сўнг улар уйларни, ибодатхоналарни ва мотоциклларни ёқиб юборишган.

Штат губернатори Аҳмад Умару воқеа жойига етиб боргани тасвирланган суратларни эълон қилиб, ушбу ҳужумни «инсониятга нисбатан ҳақорат» деб таърифлади. Гуяку қишлоғида амалга оширилган бу ҳужум бир неча соат давом этган.

Камерун билан чегарадош бўлган ушбу нотинч минтақада сўнгги йилларда маҳаллий жиноий гуруҳлар ва ИШИДга алоқадор бўлинмалар томонидан тез-тез ҳужумлар уюштирилмоқда.

Нигерия ҳукумати Африка қитъасининг энг кўп аҳолига эга давлати сифатида хавфсизлик муаммоларини бартараф этиш бўйича кучли босим остида қолмоқда. Ўтган йил охирида АҚШ Нигериянинг шимоли-ғарбий қисмида жангариларга қарши «кучли ва ҳалокатли» ҳаво зарбаларини берганди.

 

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид