Ўзбекистон | 10:30 / 07.10.2021
4185
3 дақиқада ўқилади

Иқтидорли ёш хотин-қизларни аниқлаш бўйича янги механизм жорий этилади

Вазирлар Маҳкамасининг “Иқтидорли ёш хотин-қизларни аниқлаш, уларнинг қобилиятларини тўғри йўналтириш ва раҳбарлик лавозимларига тавсия этиш тизимининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди. 

Фото: Жамшид Норқобилов/ ЎзА

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Мактабгача таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлигининг 2022 йилдан бошлаб иқтидорли ёш хотин-қизларни аниқлаш, уларнинг қобилиятларини тўғри йўналтириш бўйича “Оила – маҳалла – мактабгача таълим – ўрта таълим– ўрта махсус таълим – олий таълим”  ҳамкорлик механизмларини жорий этиш ҳақидаги таклифлари маъқулланади.

Қуйидагиларни назарда тутувчи:

а) Иқтидорли ёш хотин-қизларни аниқлаш, уларнинг қобилиятларини тўғри йўналтириш ва раҳбарлик лавозимларига тавсия этиш тартиби тўғрисидаги низом:

  • маҳаллалар ва таълим муассасаларида иқтидорли ёш хотин-қизларни аниқлаш тартиби;
  • иқтидорли ёш хотин-қизларнинг иқтидор ва қобилиятлари, қизиқишларини тўғри йўналтириш ва рўёбга чиқариш тартиби;
  • иқтидорли ёш хотин-қизларни раҳбарлик лавозимларига тавсия этиш тартиби;

б) Иқтидорли ёш хотин-қизларни аниқлаш, уларнинг қобилиятларини тўғри йўналтириш ва раҳбарлик лавозимларига тайёрлашни ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланади.

Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан мутасадди вазирлик ва идоралар билан биргаликда иқтидорли ёш хотин-қизларни раҳбарлик лавозимларига тайёрлаш ва тавсия этиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Республика ва ҳудудий хотин-қизлар жамоатчилик кенгашлари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг республикада ҳар йили март ойининг биринчи ҳафталигини “Хотин-қизларни эъзозлаш ҳафталиги” деб эълон қилиш, вазирлик ва идоралар, хўжалик бирлашмалари ва таълим муассасаларида хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳат кенгашларини ташкил этиш ҳақидаги таклифлари маъқулланади.

Белгилаб қўйилишича:

  • “Хотин-қизларни эъзозлаш ҳафталиги” ҳар йили ишлаб чиқилган дастурлар ва режалар асосида барча вазирлик ва идораларда, хўжалик бирлашмаларида, маҳаллаларда, айниқса олис ва чекка ҳудудлардаги фуқаролар йиғинларида кенг нишонланади;
  • вазирлик ва идоралар, хўжалик бирлашмалари ва таълим муассасаларида хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳат кенгашларининг раислари жамоатчилик асосида биринчи раҳбарларнинг хотин-қизлар бўйича маслаҳатчилари ҳисобланади.
Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид