Ўзбекистон | 14:02 / 30.04.2026
11163
2 дақиқада ўқилади

Энергияни тежаш мақсадида газ ва свет истеъмолига чеклов киритиш тақиқланди

Ўзбекистонда электр энергияси ва табиий газни истеъмолчиларни тармоқдан ажратиш ва чеклов киритиш ҳисобидан тежашга йўл қўйилмайди. Бу – президент фармонида белгилаб қўйилди. Фармон билан, энергия самарадорлиги ва тежамкорлигини ошириш бўйича янги чоралар тасдиқланди. Хусусан, “Энергия самарадорлиги – фаровон ҳаёт гарови” умуммиллий ҳаракати йўлга қўйилмоқда.

Фото: Dreamstime

2026 йилда энергия самарадорлигини оширишга доир президент фармони қабул қилинди.

Ҳужжатда белгиланишича, электр энергияси ва табиий газни истеъмолчиларни тармоқдан ажратиш ва чеклов киритиш ҳисобидан тежашга йўл қўйилмайди.

2026 йил 1 июлдан вазирлик ва идоралар, давлат ташкилотлари ва ижтимоий соҳа муассасалари ҳамда давлат иштирокидаги корхоналарнинг янги қуриладиган, реконструкция (модернизация) қилинадиган ва мукаммал таъмирланадиган бино ва иншоотларида энергия самарадорлигининг “С” ва ундан юқори тоифасига эга бўлиш талаби киритилади.

Ҳар йили энергия сарфи белгиланган нормативлардан кескин ошиб кетган давлат объектларида халқаро стандартлар ва энергия сервис механизмлари асосида энергия самарадорлигини тубдан яхшилаш дастурлари амалга оширилади.

Энергия самарадорлиги миллий агентлигига энергия сервис компаниялари (ЭСКО) томонидан давлат буюртмалари асосида кўрсатиладиган энергия сервис хизматлари учун кафолатланган тўловларни амалга ошириш ҳуқуқи берилади. Тўловлар Энергия самарадорлигини рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармасидан тўланади.

2026 йил 1 октябрга қадар объектлар кесимида катта ҳажмдаги маълумотлар (Big Data), бизнес-таҳлил (Business Intellegence) ва сунъий интеллект технологиялари асосида энергия истеъмолини ва самарадорлик кўрсаткичларини таҳлил қилиб бориш амалиёти йўлга қўйилади.

Шунингдек, ҳар ярим йилда иқтисодиётнинг энергия сиғимини ҳисоблаш ва тегишли маълумотларни эълон қилиб бориш амалиёти ҳам жорий қилинади.

Кундалик ҳаётда энергияни тежаш ва энергия самарадорлигини ошириш кўникмаларини сингдиришга қаратилган “Энергия самарадорлиги – фаровон ҳаёт гарови” умуммиллий ҳаракати йўлга қўйилади ҳамда аҳоли ўртасида тарғибот ва ташвиқот ишлари амалга оширилади.

Олий таълимдаги ўқув дастурларига энергия самарадорлиги ва тежамкорлигини ўргатувчи мавзулар киритилади. Мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, касбий ва олий таълим ташкилотларида тегишлича тарбияланувчи, ўқувчи ва талабаларда энергия тежамкорлиги бўйича билим ва кўникмаларни шакллантиришга қаратилган тадбирлар ташкил этиб борилади.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид