2026 йил март ойида Ўзбекистон аҳолиси сезган йиллик инфляция даражаси феврал ойига нисбатан 0,5 фоиз бандга пасайиб, 11,1 фоизни ташкил этди. Бу ҳақда Марказий банк хабар берди.

Сўровномада 3239 нафар респондент иштирок этган. Улар берган жавобларга қараганда, сезилган инфляция Тошкент шаҳрида энг юқори – 13,3 фоизни, Қашқадарё вилоятида 11,6 фоизни, Сирдарё вилоятида 11,5 фоизни ташкил этган.
Наманганликлар эса нарх-наво ошишини ҳаммадан ҳам камроқ сезган – 10 фоиз. Хоразм вилоятида яшовчилар 10,5 фоиз, Қорақалпоғистон Республикаси аҳолиси 10,6 фоизлик инфляцияни ҳис этган.

Март ойида аҳоли томонидан нархларида юқори ўсиш кузатилган асосий товар ва хизматлар қуйидагилар: гўшт ва сут, бензин ва ёқилғи, электр ва табиий газ, мева ва сабзавотлар, дорилар, шунингдек, йўлкира ва ташиш хизматлари.
Даромадлари 2 млндан 4 млн сўмгача бўлган аҳоли қатлами энг кам – 9,9 фоизлик инфляцияни сезган бўлса, 30 млн сўмдан кўпроқ даромад топувчилар охирги 12 ойда нарх-наво 16,4 фоиздан кўпроққа ошди деб ҳисоблаяпти.











