Иқтисодиёт | 12:48 / 19.05.2026
3582
4 дақиқада ўқилади

“Яхши фойда бўлмаса, ташлаб кетадиганлардан эмасмиз” – Германия элчиси

18 май куни Тошкентда Германия иқтисодиёти куни бўлиб ўтар экан, икки томондан энг кўп сонли тадбиркорлар делегацияси унда қатнашди. Kun.uz билан суҳбатлашган элчи Манфред Ҳутерерга кўра, яқин кунларда Германия президентининг Ўзбекистонга сафари кутилмоқда. Штайнмайерга ҳам катта бизнес делегацияси ҳамроҳлик қилади.

Стратегик хомашёлар, IТ, машинасозлик, транспорт ва етказиб бериш саноати. Германия шу йўналишларда Ўзбекистон билан яқиндан ишламоқчи. Элчи Манфред Ҳутерерга кўра, немис бизнеслари бозорга кириб, яхши фойда бўлмаса, ташлаб кетадиганлардан эмас. Бизга фақат узоқ муддатли, барқарор шериклик ярашади, дейди у.

-Немис компаниялари бизнинг ҳукуматдан нима истайди?

“Албатта, улар инвестиция киритгандан кейин қулай шарт-шароит ҳамда ҳуқуқий ҳимояни кутади. Билишимча, четдан инвестиция кириши бўйича Ўзбекистон Қозоғистондан ҳам ўтиб кетган. Бозорда бизнинг 300 га яқин немис корхоналаримиз бор. Дунё сезиларли ўзгаряпти, хавф даражаси юқори, Германия ҳам ҳамкорларини диверсификация қилмоқчи”, дейди элчи. 

Маълум бўлишича, Германия билан Ўзбекистоннинг савдоси 2022 йилда 1,5 млрд еврога етган, аввалгидан 25 фоизга кўпайган.

“Фақат инвестиция билан чекланмаймиз, таълим ва касбий тайёргарлик бўйича ўз ёрдамимизни ҳам таклиф қиляпмиз. Ўндан ортиқ лойиҳаларимиз турли босқичларда турибди, улар кадрларнинг малакасини оширишга қаратилган”, дейди Кнауф Гроуп бошқарув ҳамкори Уве Кнотзер.

Элчи Манфред Ҳутерернинг қўшимча қилишича, яқин кунларда Германия президенти Франк Валтер Штайнмайернинг Ўзбекистонга сафари кутилмоқда.

“Марказий Осиёнинг дўсти бўлган федерал президент Ўзбекистонга келяпти. Унга катта делегация ҳамроҳлик қилади, Германияда бу мамлакатга қизиқиш кучайяпти”, дейди дипломат.

Меҳнат миграцияси ҳам Германия билан мулоқотда асосий нуқталардан бири бўлиб турибди.

“Миграция ва мобиллик бўйича алоҳида келишув имзолаганмиз. Ҳа, Германия саноати малакали меҳнат муҳожирларига муҳтож. Менимча, бу ерда вазият вин-вин стратегиясига тўғри келади, яъни икки томонам ютади, манфаат кўради. Ўзбекистонда ёшлар кўп, айниқса уларнинг кўписи билимли. Немис корхоналари эса уларга муҳтож. Фақат улар малакали бўлиши керак бўлади”, дея қўшимча қилди Ҳутерер.

Германия катта давлатларнинг дунёни бўлиб олиши тарафдори ҳам эмас, Ўзбекистон каби ўрта кучга эга давлатларнинг гапи инобатга олинишини истайди, дейди элчи.

“Биз буюк давлатлар дунёни бўлиб олишини истамаймиз. Германия етарлича муваффақиятли, бой мамлакат. Лекин ҳатто бизда ҳам қийинчиликлар бор. Ўзбекистондек ўрта даражадаги давлатлар эса Германия каби ҳамкорларга муҳтож деб биламан. Биз бир неча йилдан бери кўп векторли сиёсат давом этаётганини кўряпмиз, биз эса иқтисодиётда шу йўлдамиз. Бизга янги ҳамкорлар керак”, дея таъкидлайди Германия элчиси.  

Тадбирда қатнашган Ўзбекистон ҳукумати аъзоларига кўра, Германия иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт федерал вазирлиги ўзининг Осиё бўйича стратегиясида Марказий Осиёдан фақат Ўзбекистонни устувор шерик деб кўрсатган. Буни эса расмий Тошкент қадрлайди.

Шоҳрух Мажидов
Тайёрлаган Шоҳрух Мажидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид