“Шунчаки, планни бажаришим керак” — Самарқандда ИИБ ходимлари сайёҳларга электрошокер қўллади
Самарқанд шаҳрида ППХ ходимлари хорижлик сайёҳларни тунги вақтда юргани учун тўхтатиб, паспортларини кўрсатишганига қарамай ИИБга олиб борди, бунга мажбурлаш учун электрошокер қўллади. Ходимлардан бири бу ҳаракатларини уларга “план” қўйилгани билан изоҳлаган.
Ички ишлари органлари ходимларининг фуқароларга нисбатан ноқонуний хатти-ҳаракатларидан навбатдагиси Самарқанд шаҳрида рўй берди. Бу галги жабрланувчилар – сайёҳлар.
ППХ ходимлари Самарқандда Қозоғистондан келган бир неча сайёҳ ва уларнинг ўзбекистонлик ҳамроҳларидан иборат гуруҳни, улар паспортларини кўрсатган бўлишларига қарамай, шахсини тасдиқлаш учун мажбуран ИИБга олиб боришган.
Бирор-бир ҳуқуқбузарлик содир этмаганига ишончи комил бўлган сайёҳлар ИИБга боришдан бош тортишган, бунга жавобан ходимлар қўшимча кучларни чақириб, уларга электрошокер қўллашган.
Ҳодиса видеолари, шунингдек, фуқароларга етказилган жароҳатлар суратларини Instagram'даги “Black List Tashkent” канали эълон қилди.
Ички ишлар вазирининг матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов Самарқанд шаҳар ППХ ходимлари хизмат вазифаси ва электрошокер қўллаш ваколатини суиистеъмол қилганини тан олди. Ҳолат бўйича ИИВ Шахсий хавфсизлик хизмати ва прокуратура ҳамкорлигида текширув бошланган.
“Текширув якунига кўра, қонунчиликка зид ҳаракат қилган барча ходимларнинг ҳамда фаолиятга масъул раҳбарларининг хизматдан бўшатилиши ва жавобгарлик масаласи кўриб чиқилади”, деди Ғиёсов.
ИИВ сўзчиси ўз баёнотида ППХ ходимлари фуқароларни тегишли бўлимга олиб боришгани уларга “план” белгилаб берилгани билан боғлиқлигига изоҳ бермаган.
Ҳодиса видеосида ходимлардан бири: “Муаммо йўқ, шунчаки менга план қўйилган” дегани эшитилади.
Воқеа Самарқанддаги Мирзо Улуғбек кўчасида, 21 майга ўтар кечаси соат тахминан 03:30–04:00 оралиғида рўй берган. Бу вақтда эса, ходимларнинг даъво қилишича, кўчада юриш мумкин эмас.
“Проблемани сизлар қиляпсизлар. Соат 23:00дан кейин Самарқанд шаҳрида “Хавфсиз тун” тадбири. [Ҳозир эса] соат ўнтакам тўрт”, – деган ППХ ходимларидан бири.
Фуқаролар аввалига ўзларини анча босиқ тутишган: ёнларида паспортлари борлигини айтиб, кўрсатишган; тинчгина қўйиб юборишларини илтимос қилиб, туристик полицияни чақиришни сўрашган – уларнинг бу илтимослари қондирилмаган. Ходимлар бир неча марта “ўтир машинага” дея қўпол муносабатда бўлиб, талаб қондирилмагач, қўшимча кучлар чақирган.
Фуқароларни ИИБга олиб бориш электрошокер қўлланган. Улардан бирининг телефони олиб қўйилган, иккинчисининг воқеани видеога олишига фаол қаршилик кўрсатилган.
Охирги йилларда ички ишлар тизимида “план” борлиги ҳақида ижтимоий тармоқларда қатор маълумотлар сизиб чиқаётганига қарамай, масъуллар ҳар сафар буни рад этиб келади.
Тизимда ўз касбига муносиб шарафли ходимлар ҳам кўплигини эътироф этган ҳолда, таъкидлаш лозимки, ички ишлар ходимларининг ўз ваколатларидан четга чиқиши каби ҳолатлар мунтазам равишда рўй бериб келмоқда.
Маълумот учун, “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги қонуннинг 23-моддасига кўра, ички ишлар ходимлари электрошок қурилмаларини фақат қуйидаги ҳолатларда қўллаши мумкин:
- жиноятга ёки маъмурий ҳуқуқбузарликка чек қўйишда;
- қуролли қаршилик кўрсатиши мумкин бўлган шахсни ушлашда;
- зўравонлик билан ушлаб турилган шахсларни, эгаллаб олинган биноларни, хоналарни, иншоотларни, транспорт воситаларини ва ер участкаларини озод қилишда;
- фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига, жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи оммавий тартибсизликларга ҳамда бошқа ғайриқонуний хатти-ҳаракатларга чек қўйишда.
Мавзуга оид
23:32 / 13.11.2024
Флоренция «ҳаддан зиёд туризм»га қарши кураш бўйича янги чоралар қабул қилди
21:49 / 04.11.2024
Ўзбекистонликлар 2024 йилда Қозоғистонда энг кўп пул сарфлаган хорижликлар қаторига кирди
10:26 / 03.11.2024
Ўзбекистонга хориждан келган сайёҳлар сони маълум қилинди
22:45 / 24.10.2024