Жаҳон | 23:38 / 26.12.2025
3474
2 дақиқада ўқилади

Зеленский офиси Украинада сайлов учун пул йўқлигини айтди

Украина ҳозир сайловларни молиялаштира олмайди, бюджетга бошқа устуворликлар - сафарбарлик ва ижтимоий дастурлар киритилган, деди Подоляк. МСК сайловларни ўтказиш харажатларини деярли 480 миллион долларга баҳолаган.

Фото: UNIAN

Украинада сайловларни ўтказиш учун молиявий ресурслар йўқ, деди мамлакат президенти офиси маслаҳатчиси Михаил Подоляк Novini.LIVE нашрига берган интервюсида.

«Объектив равишда биз буни [сайловларни ташкил этишни] эплолмаймиз, чунки бизда дефицитли бюджет бор», деди у.

10 декабр куни Украина президенти Володимир Зеленский 2026 йилги бюджет тўғрисидаги қонунни имзолади, унда 2,918 триллион гривна миқдоридаги даромадлар ва 4,781 триллион гривна миқдоридаги харажатлар кўзда тутилган. Бюджет тақчиллиги тахминан 1,863 триллион гривнани (47,5 миллиард доллар) ташкил этади.

Подоляк сўзларига кўра, ҳозирда бюджетнинг устувор йўналишлари – ҳарбий соҳа ва уй хўжаликлари учун иқтисодий йўқотишларини қоплайдиган ижтимоий дастурлар.

Подоляк хорижда бўлган 6-8 млн украиналикнинг сайловда иштирок этиши масаласи билан махсус ишчи гуруҳ шуғулланиши кераклигини таъкидлади. Эҳтимолий сайловлар нархини парламентдаги ишчи комиссия ҳисоблаб чиқиши керак, деб қўшимча қилди у.

Украина МСК раиси ўринбосари Сергей Дубовикнинг 20 декабр куни маълум қилишича, 2019 йилдаги сўнгги президентлик сайловлари бюджетга қарийб 2 млрд гривнага тушган, бироқ ҳозирги шароитда ва инфляцияни ҳисобга олган ҳолда биринчи тур 4-5 млрд гривнага (94,8-118 млн доллар), иккинчи тур ўтказилганда эса 6,5-7 млрд гривнага (154-166 млн доллар) тушади.

«Маҳаллий ҳокимият органлари харажатларини ҳисобга олган ҳолда, агар биз сайловларнинг ҳар уч тури ҳақида гапирадиган бўлсак, бу тахминан 20 млрд грн (472 млн доллар)», деди у.

Украинада президентлик сайлови 2024 йил март ойида бўлиб ўтиши керак эди, бироқ мамлакатдаги ҳарбий ҳолат туфайли номаълум муддатга қолдирилди. Зеленскийнинг таъкидлашича, давлат сайловларга техник жиҳатдан тайёр, бироқ улар фақат ўт очишни тўхтатгандан кейин ёки ҳақиқий хавфсизлик кафолатлари мавжуд бўлгандагина ўтказилиши мумкин. Унинг сўзларига кўра, агар шундай қўллаб-қувватланса, сайлов жараёнини 60-90 кун ичида ташкил этиш мумкин бўлади.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид