Ўзбекистон | 16:19 / 24.12.2024
8224
2 дақиқада ўқилади

Танқиддан сўнг: 2 боланинг ўлимига сабабчи бўлган ҳайдовчи 3 йилга озодликдан маҳрум қилинди

5 болани уриб кетиб, икки нафарининг ўлимига сабабчи бўлган Cobalt ҳайдовчисига Янгийўл туман судяси Улуғбек Ибрагимов ахлоқ тузатиш жазосини берганди. Иш Тошкент вилояти прокурори ўринбосарининг кассация протестига асосан қайта кўриб чиқилди.

Фото: Getty Images 

ЙТҲ содир қилиб, 5 болани уриб юборган ва улардан икки нафарининг ўлимига сабабчи бўлган ҳайдовчи суд залида қамоқдан озод қилинганди. Суд ҳукмига кўра, у “олий маълумотли, ишли йигит” бўлган. Орадан бир ҳафта ўтиб эса ЙТҲда бир кишининг ўлимига сабабчи бўлган, “маълумоти ўрта-махсус ҳамда ишсиз” ҳайдовчига айни шу судя ҳукми билан 2 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланганди.

Kun.uz ҳар икки ишга бир судя – Улуғбек Ибрагимов раислик қилгани ҳақида ёзганди.

Шундан кейин иккинчи ҳолат бўйича судланувчи Р.Мирзаҳотамовга нисбатан ҳукмга Тошкент вилоят прокурори томонидан кассация протести киритилганди.

Олий суд матбуот хизмати раҳбари Азиз Обидовнинг Kun.uz'га хабар беришича, Тошкент вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати кассация инстанциясида жиноят ишлари бўйича Янгийўл туман судининг Р.Мирзаҳотамовга нисбатан 2024 йил 11 ноябрдаги ҳукми бекор қилинган ва янги айблов ҳукми эълон қилинган.

Ҳукмга кўра, Мирзаҳотамов Жиноят кодексининг 266-моддаси (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 3 йил транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 3 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Маҳкум жазони манзил колонияларда ўтайди.

Мавзуга оид