Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
ЦАҲАЛ Ғазода тахминан 70 минг киши ҳалок бўлганини тасдиқлади
ЦАҲАЛ маълумотларига кўра, Ғазодаги йўқотишлар миқёси ҳам жанг ҳаракатлари натижасида, ҳам ҲАМАСнинг мухолифларига қарши жазолаш амалиётлари ва носоз ракеталарнинг қулаши оқибатида фаластинликларнинг ҳалок бўлиши туфайли шаклланган. Бу эса тинч аҳоли қурбонлари сонини баҳолашни қийинлаштиради.
Фото: Dawoud Abu Alkas/REUTERS
Исроил мудофаа армияси (ЦАҲАЛ) биринчи марта Исроил кучлари билан Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати ўртасидаги уруш давомида Ғазо секторида тахминан 70 000 киши ҳалок бўлганини тасдиқлади. Бу ҳақда 2026 йил 29 январ, пайшанба куни The Jerusalem Post ва The Times of Israel нашрлари хабар берди.
ЦАҲАЛ маълумотларига кўра, шу соннинг тахминан 25 000 нафари ҲАМАС жангчилари бўлган. Исроил армияси, шунингдек, 2024 йилнинг илк ойларигача ҲАМАС Ғазодан учирган ракеталарнинг тахминан 13 фоизи техник нуқсонлар сабабли ишдан чиққан ва сектор ҳудудига тушганини қайд этади — бу эса кўп сонли фаластинликларнинг ҳалок бўлишига олиб келган.
ЦАҲАЛ баҳосига кўра, ҲАМАС кучлари кўплаб фаластинликларни ҳам сиёсий мухолиф деб ҳисоблаган, Исроил билан ҳамкорликда айблаган ёки Ғазонинг айрим ҳудудларидан қочиб чиқишга уринаётганларга тўсқинлик қилмоқчи бўлган кишиларни қатл этган. Ҳозир ЦАҲАЛ тинч аҳоли ва жангчилар ўртасида ҳалок бўлганларнинг аниқ нисбатини, шунингдек ҲАМАС вакиллари томонидан ўлдирилган одамлар сонини ҳисоблаб чиқиш устида ишламоқда.
Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, ҳозирги пайтда ҳалок бўлганлар сони 71 667 кишини ташкил этади, шу жумладан 2025 йил октябрда ўт очиш тўхтатилганидан кейин ўлдирилган 450 нафардан ортиқ киши ҳам бор. Идора топилган жасадлар бўйича қурбонларнинг 90 фоиздан ортиғининг исм-шарифини ва шахсини аниқлаган. Бироқ у ушбу статистика графасини айнан қандай тузганини, хусусан, ҳалок бўлганлар орасида қанча жангчи бўлганини ҳамда ушбу ҳисобга табиий сабаблар туфайли (масалан, касалхоналарда) вафот этган фаластинликлар киритилган-киритилмаганини кўрсатмаган.
Яқин Шарқдаги вазият 2023 йил 7 октябр куни кескин ёмонлашди. Европа Иттифоқи ва АҚШда террористик ташкилот деб тан олинган ҳаракат — ҲАМАС Исроилга қарши кенг кўламли ҳужум уюштирди. Жангчилар Исроил бўйлаб оммавий ракета зарбалари берди, унинг ҳудудига бостириб кирди ва тахминан 1200 кишини ўлдирди. Шунингдек, жангчилар тахминан 250 нафар гаровга олинган одамни асирга олиб, Ғазо секторига олиб кетди. Гаровдагиларнинг бир қисми алмашув йўли билан ёки озод этилди, бир қисми ҳалок бўлди.
Жавоб сифатида Исроил ҲАМАСга қарши уруш эълон қилди. Ер устидаги операция ва Ғазо секторини бомбардимон қилишлар натижасида тахминан 170 минг киши яраланган.
2025 йил октябр ойида Исроил ҳукумати ва ҲАМАС АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти ишлаб чиққан тинчлик режаси асосида ўт очишни тўхтатишга рози бўлди. Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги келишувлар бажарилишига кафиллар сифатида АҚШ, Туркия, Қатар ва Миср иштирок этди. Биринчи босқичда ҲАМАС тирик қолган исроиллик гаровдагиларнинг барчасини Исроил қамоқхоналаридан фаластинлик маҳбусларни озод қилиш эвазига қайтарди.
Январ ойининг ўрталарида Оқ уй Трампнинг Ғазо секторида жанг ҳаракатларини якунлаш режасининг иккинчи босқичи бошланганини маълум қилди. Унинг доирасида “Тинчлик кенгаши” ва унга ҳисобдор бўлган миллий қўмита ташкил этилиши кўзда тутилган — у ҳудудни бошқаришни Фаластин миллий маъмурияти бу вазифани ўз зиммасига олишга тайёр бўлгунча амалга оширади.
Мавзуга оид
09:26 / 28.01.2026
Нетаняҳу: Ғазо секторида Фаластин давлати бўлмайди
12:50 / 27.01.2026
Трамп: Ҳамас сўнгги жасадни топишга ёрдам берди, энди қуролсизланиши керак
21:02 / 26.01.2026
Исроил Ғазода гаровдаги сўнгги одамнинг жасадини топди ва қайтарди
22:44 / 23.01.2026