Жаҳон | 22:44 / 23.01.2026
1737
10 дақиқада ўқилади

«Бош режа бор, "Б" режа йўқ» – АҚШнинг Янги Ғазо режаси тафсилотлари

Замонавий ва юзлаб осмонўпар биноларга эга шаҳарлар, сайёҳларни жалб этадиган мусаффо соҳил ва Ўрта ер денгизига чиқадиган энг замонавий порт. Давосдаги форумда Трампнинг куёви Жаред Кушнер «Янги Ғазо»ни айнан шундай тасвирлаб берди. Хўш, бу режа қанчалик ҳақиқатга яқин, уни кимлар ва қайси пулга амалга оширади?

Фото: AP / White House

22 январ куни Швецариянинг Давос шаҳрида АҚШ президенти Доналд Трамп бир нечта етакчилар иштирокида ўзининг Тинчлик кенгаши низомини ратификация қилди. Маросимдан кейин Доналд Трампнинг куёви ва собиқ маслаҳатчиси Жаред Кушнер Ғазонинг келажаги бўйича режаларини эълон қилди.

«Бизда бош режа бор… Б режаси йўқ,» деган Кушнер "New Gaza" деб атаган лойиҳасини слайдлар орқали тақдим этди. Бироз шошма-шошарлик ўтгандек туюлган тақдимотда харитадаги турар жойлар, маълумотлар марказлари ва саноат боғлари учун ажратилган ҳудудлар кўрсатилган. Режага кўра, Ғазо бутунлай янгидан қурилади.

Рафаҳдан бошланадиган қурилишлар

Кушнер тасаввуридаги келажак Ғазосида Ўрта ер денгизи соҳили бўйлаб «соҳил туризми» зонаси барпо этилади. CNN нашрининг ёзишича, соҳилда узунлиги 180 тагача осмонўпар бинони сиғдира оладиган катта ҳудуд бўлиб, уларнинг аксарияти меҳмонхоналар бўлиши режалаштирилган.

Фото: Оқ уй матбуот хизмати

Ғазонинг жануби-ғарбий қисмида эса Миср билан чегара яқинида порт кўрсатилди, портдан ичкарида эса аэропорт учун зоналар белгиланган. Харитада белгиланмаган бўлса-да, бир неча километр жанубда 20 йил аввал Исроил вайрон қилган Ғазонинг собиқ аэропорти жойлашган.

Кушнер «Янги Рафаҳ» ва «Янги Ғазо» деб атаган икки йирик шаҳар лойиҳасини таъкидлади. «Янги Рафаҳ»да 100 мингдан ортиқ доимий турар жой, 200 дан зиёд мактаб ва 75 дан ортиқ тиббиёт муассасаси қурилиши режалаштирилган.

Фото: Оқ уй матбуот хизмати

«Янги Ғазо» саноат маркази бўлиши, 100 фоизлик бандликка эришиш мақсад қилинган. Компьютер графикаларида қилинган слайдда Сингапур ва Дубайни эслатувчи, сув бўйидаги ҳашаматли биноларидан иборат мегаполис тасвирланган.

Кушнернинг айтишича, қурилиш Исроил қўшинлари назоратидаги жанубий Рафаҳ шаҳрида «ишчи кучи учун уй-жойлар» қуришдан бошланади. У ерда вайроналарни тозалаш ва бузиш ишлари аллақачон бошланган.

Фото: AFP

Маросимда видео мурожаат билан қатнашган Ғазодаги янги технократик қўмита раҳбари Али Шаат келаси ҳафта Миср чегарасидаги Рафаҳ чегара ўтказиш пункти очилишини эълон қилди. Унинг айтишича, бу Ғазо «энди келажак ва дунё учун ёпиқ эмас»лигини англатади.

Аслида вазифа ва режа жуда катта бўлишича қарамай, тақдимотда булар қандай амалга оширилиши ҳақида тафсилотлар анча кам бўлди.

Харажатларни ким кўтаради?

Жаред Кушнернинг айтишича, дастлабки бадалларни ҳукуматлар киритади. Яқин икки ҳафта ичида Вашингтонда ўтказиладиган конференцияда биринчи эълонлар берилади.

У хусусий секторни ҳам фаол қатнашишга чақириб, Ғазода «ажойиб инвестиция имкониятлари»ни ваъда қилди. «Бу каби ҳудудга сармоя киритиш бироз хавфли эканини биламан, аммо сиз келиб, ишонч билан, одамларнинг ўзига сармоя киритишингиз керак», — деди Кушнер.

АҚШнинг Ғазо сулҳи муаллиф ва ижрочилари Давосда. Ўнгдан: Рубио, Уиткоф, Кушнер ва Младенов / Фото: Getty Images

Ўтган йили сулҳ эълон қилинганида АҚШ президенти Ғазо бой араблар ҳисобидан тўлиқ қайта қурилишини айтганди. «Бу минтақада баъзи мамлакатлар улкан бойликларга эга. Улар қиладиган иш Ғазо учун мўъжиза бўлади», деганди Трамп.

«Агар хавфсизлик таъминланса...»

Жаред Кушнер 10 дақиқалик нутқида, агар хавфсизлик таъминланса, вайронага айланган Ғазо шаҳарларини тезда қайта қуриш мумкинлигини таъкидлади.

Кушнер бу билан режа муваффақиятсиз тугаса, айбни кимга юклаш осон бўлишини ҳам очиқ айтган: «Агар Ҳамас қуролсизланмаса, айнан шу нарса Ғазо халқининг ўз интилишларига эришишига тўсқинлик қилади», - деди у. Associated Press'нинг ёзишича, «режа – фақат Ғазода хавфсизлик бўлса ишлайди», дейиш уни жуда катта савол остига қўяди.

Чунки, Ҳамас қуролсизланадими ёки йўқми – номаълум. Гуруҳ вакиллари Исроил босқинига қарши қаршилик кўрсатиш ҳуқуқига эга эканликларини айтиб келади. Шу билан бирга, Фаластин давлатчилигига эришиш жараёнида қуролларини «музлатиб қўйиш»ни кўриб чиқиши ҳам мумкин. Тақдимотда оғир қуроллар, туннеллар, ҳарбий инфратузилма, ўқ-дорилар ва ишлаб чиқариш объектлари йўқ қилиниши айтилди, бироқ жараён қандай амалга оширилиши кўрсатилмаган.

Ғазодаги Ҳамас кучлари / Фото: AFP

Исроил қўшинлари эса деярли ҳар куни Ғазода фаластинликларга қарата ўқ узмоқда. Сулҳ кучга кирганидан бери Исроил қўшинлари Ғазода 500га яқин фаластинликни, жумладан ёш болалар ва аёлларни ўлдирган. Кушнер тақдимотига кўра, Ғазода Исроил қўллайдиган бошқа қуролли гуруҳлар ё тарқатиб юборилади, ё қўмита таркибига «интеграция қилинади».

Бу қийинчиликлар фонида Тинчлик кенгаши Исроил билан «кескинликни пасайтириш» устида ишламоқда. Хавфсизлик бўлмаса, сармоядорларни Ғазога жалб этиш ёки иш ўринлари яратишни рағбатлантириш имконсиз бўлади, деди Кушнер. БМТ, Европа Иттифоқи ва Жаҳон банкининг сўнгги қўшма ҳисоб-китобига кўра, Ғазони тиклаш 70 миллиард доллар туради. Кушнер слайдларидан бирида қуролсизлантирилмаган ҳудудларда қайта қуриш бошланмаслиги аниқ кўрсатилган.

«Уч йил ичида қуришади…»

«Яқин Шарқда бундай шаҳарларни … уч йил ичида қуришади. Демак, агар биз бунга эришишни истасак, бундай лойиҳалар амалга оширишнинг имконияти катта», деган Кушнер. Лекин, унинг гаплари Ғазони тиклаш ниҳоятда узоқ давом этишини кутаётган фаластинликлар баҳолари билан мос келмайди.

Ғазо вайроналари / Фото: AP

Қарийб 2 миллион киши яшайдиган ҳудуд бўйлаб юзлаб кўп қаватли уйлар вайроналар тепалигига айланган. Харобалар остида эса портламаган ўқ-дорилар яшириниб ётибди. Оқова сувлар аралашгани сабабли ичимлик сувидан ҳам касалликлар тарқалмоқда, шаҳар кўчалари эса тупроқли далаларга ўхшайди.

БМТнинг Лойиҳа хизматлари бошқармаси маълумотига кўра, Ғазода 60 миллион тоннадан ортиқ вайрона мавжуд — бу деярли 3 мингта контейнер кемасини тўлдиришга етади. Уларни тозалаш етти йилдан кўпроқ вақт олади, ундан кейин эса миналардан тозалаш учун қўшимча вақт талаб этилади.

Фаластинликлар тақдири ва миналар

Кушнер Ғазони қайта қуриш режасини тақдим этар экан, миналардан тозалаш қандай амалга оширилиши ёки қайта қуриш вақтида аҳоли қаерда яшаши ҳақида гапирмади. Ҳозирда кўпчилик оилалар Ғазо шаҳрининг айрим қисмлари ва соҳилни ўз ичига олган катта ҳудудларда бошпана топган.

БМТ эса Ғазода портламаган снаряд ва ракеталар ҳар ерда бўлиши мумкинлигини айтган. Бу – вайроналар орасидан яқинларини, буюмларини ёки ўтин қидираётган одамлар учун жиддий хавф туғдиради.

Фото: AFP

Ҳуқуқ фаоллари, Исроил оғир техниканинг кириб келишига тўсқинлик қилаётгани сабабли, фаластинликларнинг асосий қисми яшаётган ҳудудларни тозалаш ишлари жиддий босқичга ўта олмаганини таъкидлайди.

Исроил қўшинлари чиқадими?

Ҳозирда Исроил ҳарбийлари ҳудуднинг ярмидан кўпроғида, жумладан Рафаҳ шаҳрида жойлашган. Октябр ойидаги сулҳ ва 20 бандли режа Исроилнинг тўлиқ чиқишини осонлаштирувчи халқаро барқарорлаштириш кучларини яратишни ҳам назарда тутганди.

Ҳозирча учинчи томонлар бу кучга қўшилиш масаласида истак билдирмаяпти. Исроил эса Туркия ва Қатар ҳарбийлари каби эҳтимолий иштирокчиларга эътироз билдирган.

Кушнер режаларида халқаро кучлар ҳақида умуман гапирмади. Исроилнинг чиқиши эса слайдлардан биридаги битта жумлага қисқартирилди: «Ғазо бўйлаб қуролсизланиш - IDFнинг хавфсизлик периметригача тўлиқ чиқишини таъминлайди».

Исроил ва Фаластин маъмурияти рози бўладими?

Халқаро ҳуқуқшунос ва можароларни ҳал этиш бўйича эксперт Номи Бар-Яаковнинг APга айтишича, бу режа «мутлақо нореал» ҳисобланади. Унинг фикрича, бу – Трамп Ғазога тинчликпарвар эмас, балки кўчмас мулк ишлаб чиқувчиси нигоҳи билан қараётганини кўрсатади.

Шунчалик кўп осмонўпар бинолардан иборат лойиҳа Исроил учун ҳам ҳеч қачон мақбул бўлмайди, чунки улар чегарага яқин жойлашган Исроил ҳарбий базаларини очиқ кўриш имконини беради, дейди Бар-Яаков.

Фаластин маъмурияти эса янги технократик қўмитани ўз марказий ролига таҳдид сифатида кўраётганини билдирган. Гарчи Кушнер ўз тақдимотида бу қўмита ислоҳотлар ўтказилгач Ғазо устидан назоратни Фаластин маъмуриятига топшириши айтган бўлса ҳам.

Жаред Кушнер Ғазонинг келажаги бўйича режаларни эълон қилмоқда / Фото: AP

Бундан ташқари, Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ҳам урушдан кейинги Ғазода Фаластин маъмурияти иштирок этадиган ҳар қандай режага қарши эканини айтган.

Аслида бу Жаред Кушнернинг Ғазо бўйича илк режаси эмас. 2019 йилда у Баҳрайндаги саммитда ҳам Ғазо ва Ғарбий Соҳилни «халқаро бизнес гуллаб-яшнайдиган савдо ва туризм маркази» сифатида тасаввур қилганди. Сиёсий ироданинг деярли йўқлиги сабабли, ўша режалар амалга ошмай қолган. Бу сафар эса Оқ уй маъмурияти ва Ғазодаги янги технократик қўмита «бу лаҳзани амалий ҳаракатга айлантириш»га катта умид қилмоқда.

Мавзуга оид