Жаҳон | 09:26
1568
4 дақиқада ўқилади

Нетаняҳу: Ғазо секторида Фаластин давлати бўлмайди

ҲАМАС Исроилга сўнгги гаровга олинган шахснинг жасад қолдиқларини қайтарганидан кейин, Исроил Ғазо секторини тўлиқ демилитаризация қилишга эътибор қаратмоқда. У ерда Фаластин давлатини тузиш ҳақида гап йўқ, деди мамлакат бош вазири Бинямин Нетаняҳу.

Фото: Nathan Howard / Reuters

Исроил Ғазо секторидан Фаластин давлати тузилишига йўл қўймайди, минтақа демилитаризация қилиниб, радикал ҳаракат — ҲАМАС тўлиқ қуролсизлантирилмагунча эса уни қайта тиклаш ишлари бошланмайди. Бу ҳақда Нетаняҳу сешанба, 27 январ куни маълум қилди. У Исроил Иордан дарёсидан то Ўрта Ер денгизигача бўлган бутун ҳудуд устидан, жумладан, Ғазо сектори устидан ҳам назоратни сақлаб қолиш ниятида эканини таъкидлади.

“Мен аллақачон демилитаризациядан олдин Ғазони қайта тиклашга рухсат берамиз, деган баёнотларни эшитяпман. Бу бўлмайди. Мен турк ва қатар аскарларини Ғазога жойлаштирмоқчи эканимиз ҳақида ҳам эшитдим. Бу ҳам бўлмайди. Мен Ғазода фаластин давлатини тузишга йўл қўяман, деган гапларни ҳам эшитяпман. Бундай нарса бўлмаган ва бўлмайди”, — дея Нетаняҳудан иқтибос келтиради The Times of Israel.

Исроил бош вазири 26 январ куни сўнгги гаровга олинган шахс — 24 ёшли Ран Гвилининг жасад қолдиқлари қайтариб олинганидан сўнг, Исроил асосий эътиборни ҲАМАС қурол-яроғини йўқ қилиш ва Ғазони демилитаризация қилишга қаратаётганини билдирди. Унинг сўзларига кўра, бу жараёнга, жумладан, жангчилар қазиб қўйган туннелларни йўқ қилиш ҳам киради. Нетаняҳунинг айтишича, бу “оддий йўл билан ҳам, мураккаб йўл билан ҳам” амалга оширилади, аммо “ҳар қандай ҳолатда” рўй беради.

Яқин Шарқдаги вазият 2023 йил 7 октябр куни кескин ёмонлашди. Европа Иттифоқи ва АҚШда террористик ташкилот деб тан олинган ҲАМАС Исроилга кенг кўламли ҳужум уюштирди. Жангчилар Исроилга оммавий ракета зарбалари берди, мамлакат ҳудудига бостириб кирди ва тахминан 1200 кишини ўлдирди. Шунингдек, жангчилар тахминан 250 нафар гаровга олинган шахсни асир олиб, Ғазо секторига олиб кетган. Гаровдагиларнинг бир қисми алмашув ёки озод қилиш йўли билан қайтарилган, бир қисми ҳалок бўлган.

Жавоб тариқасида Исроил ҲАМАСга қарши уруш эълон қилди. Ғазо секторидаги қуруқлик амалиёти ва бомбардимонлар натижасида 71 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган, яна тахминан 170 минг киши яраланган.

2025 йил октябр ойида Исроил ҳукумати ва ҲАМАС АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти ишлаб чиққан тинчлик режаси асосида ўт очишни тўхтатишга рози бўлди. Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги келишув бажарилишига АҚШ, Туркия, Қатар ва Миср кафил бўлди. Биринчи босқичда ҲАМАС тирик қолган исроиллик гаровга олинганларнинг ҳаммасини қайтарди, эвазига Исроил қамоқхоналаридан фаластинлик маҳбуслар озод қилинди.

Январ ойи ўрталарда Оқ уй Трампнинг Ғазода ҳарбий ҳаракатларни якунлаш режасининг иккинчи босқичи бошланганини маълум қилди. Унга кўра, “Тинчлик кенгаши” ва унга ҳисобдор Миллий қўмита тузилиши лозим бўлиб, бу тузилмалар минтақа бошқарувини Фаластин миллий маъмурияти бу вазифани қабул қилиб олишга тайёр бўлгунча ўз зиммасига олади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид