07:49 / 28.03.2022
13091

Самарқандда 10 гектар ерни 250 минг долларга сотмоқчи бўлган МЧЖ раҳбари ушланди

Давлат хавфсизлик хизмати Самарқанд вилояти бошқармаси вилоят ИИБ ҳамда иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вилоят бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда коррупцияга қарши курашиш йўналишида тезкор тадбирлар ўтказди.

Фото: iStock

ЎзА хабарига кўра, Нуробод, Жомбой ва Ургут туманларида катта миқдорда ноқонуний ер сотиш ҳолатларига чек қўйилди. 

Нуробод туманидаги МЧЖ раҳбари, 1994 йилда туғилган Қ.З. жамият тасарруфидаги 10 гектар лалми ер майдонини 250 минг АҚШ доллари эвазига маҳаллий фуқарога сотишга келишиб, сўралган пулнинг 100 минг АҚШ долларини олаётган вақтида ушланди.

Самарқанд шаҳрида яшовчи, 1989 йилда туғилган А.И. ижара асосида фойдаланиб келаётган Жомбой тумани “Мирза-Пай” ирригация тизими бошқармасига қарашли 1 гектар суғориладиган ер майдонини 60 минг АҚШ доллари эвазига ҳокимият тизимидаги танишлари орқали расмийлаштириб беришни ваъда қилиб, маҳаллий фуқародан 30 минг АҚШ долларини олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Ургут туманидаги МЧЖ раҳбари, 1964 йилда туғилган Х.А. жамиятга тегишли бўлган 5 сотих ер майдонини машиналарга хизмат кўрсатиш марказини ташкил қилиш учун 35 миллион сўмга маҳаллий фуқарога сотаётган вақтида ушланди.

Ҳозирда юқоридаги шахсларга нисбатан Жиноят кодекси тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Top