«Тараққиёт чорраҳалари: минтақанинг ўзаро боғлиқ келажагини илгари суриш» шиори остида ўтказилаётган форумда 100 дан ортиқ мамлакатдан 4 мингдан зиёд экспертлар, шунингдек, хорижий ҳукуматлар, халқаро молия ташкилотлари, етакчи банклар ва компаниялар вакиллари иштирок этмоқда.
Кун тартибидан рақамли ва «яшил» трансформация, иқлим барқарорлиги, ишлаб чиқариш таъминоти занжирларини ривожлантириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва бошқа масалалар ўрин олган.
Давлат раҳбари тадбирда нутқ сўзлаб, бундай нуфузли анжуманнинг юртимизда ўтказилаётгани Ўзбекистонга ғурур ва ифтихор бағишлашини таъкидлади.

Президент буюк тарих ва ёрқин келажакни ўзида мужассам этган Янги Ўзбекистон эндиликда халқаро миқёсдаги долзарб масалалар муҳокама этиладиган йирик масканга айланиб бораётганини қайд этди.
Ўзбекистон етакчиси мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижаларига батафсил тўхталиб ўтди. Сўнгги йилларда иқтисодиётимизга 150 миллиард доллар хорижий инвестиция киритилиб, минглаб замонавий корхоналар ишга туширилди. Бу даврда товар ва хизматлар экспорти 3 карра ўсди, миллий иқтисодиёт ҳажми эса 50 миллиарддан 147 миллиард долларга етди.
2020 йилдан буён Ўзбекистон суверен кредит рейтингларида ўз ўрнини изчил ошириб бормоқда. Иқтисодий эркинлик индексида жорий йил юртимиз 14 поғона юқорилаб, илк бор «иқтисодиёти мўътадил эркин» давлатлар қаторидан жой олди.

Глобал беқарорлик шароитида ҳам иқтисодиётимиз биринчи чорак якуни бўйича 8,7 фоизли ўсишга эришди.
– Энг муҳими, ислоҳотларимизда ҳар бир оила, ҳар бир инсоннинг кундалик ҳаётини яхшилашга асосий эътиборни қаратдик. Биз ўтган даврда 8,5 миллион эҳтиёжманд аҳоли даромадини ошириб, камбағаллик даражасини қарийб 35 фоиздан бугунги кунда 5,8 фоизга туширишга эришдик, – деди президент.
Ўзбекистон охирги ўн йилда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда энг катта ижобий ўзгариш қилган бешта давлатдан бири бўлди.
2030 йилга қадар барча соҳаларни технологик ва инновацион ўсиш моделига ўтказиш орқали иқтисодиёт ҳажмини 240 миллиард доллардан ошириш, даромади ўртачадан юқори давлатлар қаторига кириш ҳамда камбағалликка тўлиқ барҳам бериш мақсад қилинган.















