Танловсиз шартномалар ва пост-фактум тендерлар: Тошкентдаги фестиваллар 4 та фирмага бўлиб берилган
Пойтахт ҳокимлиги 6 та фестивал учун 18,2 млрд сўм сарфлаган. Қатор шартномалар тендерсиз тузилган. Қўшимча равишда ўтказилган тендерлар фестиваллар ўтиб бўлганидан бир неча ой кейин ташкил этилган ва уларда ҳам тўғридан тўғри шартномани олган фирмалар ғолиб деб топилган. Шаҳар ҳокими бу фестивалларга пул ажратиш ҳақидаги қарорларини оммадан яширган.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги 2022 йилнинг май-август ойларида ўтказилган 6 та тадбирга 18,2 млрд сўм маблағ ажратган.
Булар – гуллар фестивали, опера фестивали, санъат ойлиги, таомлар фестивали, мусиқа фестивали, музқаймоқ фестивали.
Шаҳар ҳокимининг бу тадбирларга пул ажратиш ҳақидаги қарори аввалига e-qaror тизимида яшириб қўйилган, кейинроқ Адлия вазирлигининг бир марталик талаби билан қарор тизимда пайдо бўлди.
18,2 млрд сўм маблағ тадбирларни ташкил этиш учун Тошкент шаҳар маданият ва туризм бошқармаларига ўтказиб берилган. Ҳар икки бошқарма хусусий ташкилотчи компанияларни тўғридан тўғри танлаб олган, фестиваллар бўлиб ўтганидан бир неча ой ўтиб тендерлар ўтказган. Тендерсиз шартномаларни қўлга киритган компаниялар кейинроқ тендерларда ҳам ғолиб деб топилган.
Тошкент ҳокими жуда кўп қарорларини оммадан яширяпти
Тошкент шаҳар ҳокимининг 520-14-0-Q/22 сонли қарори билан опера фестивали учун Тошкент шаҳар маданият бош бошқармасига 2 млрд сўм маблағ ўтказилган.
Бу қарорнинг сканерланган нусхаси давлат харидлари порталида бор. Лекин e-qaror тизимида яшириб қўйилган. Сабаб эса – “ушбу ҳужжат мазмунида шахсга доир маълумотлар, васийлик ва ҳомийлик ёки амалдаги қонунчиликка мувофиқ бошқа турдаги фойдаланиши чекланган ахборот мавжудлиги”.
2 бетлик қарорни ўқиб чиқиб, унда фойдаланиш чекланган ахборот йўқлигини, яъни юқоридаги сабабга зид эканини кўриш мумкин. Шу тариқа, ҳокимлар ўз қарорларини қонунчиликка зид равишда яшириб қўяётгани бўйича шубҳалар яна бир бор ўз тасдиғини топди.
Аввалроқ Адлия вазирлигининг баёнотидан маълум бўлган эдики, ҳокимлар E-qaror тизими орқали қарорларга электрон имзо қўяётган пайтда, бу ҳужжатни очиқ эълон қилиш ёки қилмасликни ўзлари ҳал қилади. Бундан кўринадики, ҳужжатларни тизимда яшириб қўйиш ҳокимликда ишловчи бошқа ходимлар эмас, шахсан ҳокимнинг ўз ташаббуси билан бўляпти.
Масалан, Жаҳонгир Ортиқхўжаев 5 декабр куни 12 та қарор қабул қилган, аммо шундан 10 таси юқоридаги “сабаб” билан яшириб қўйилган.
“Tashkent Opera Fest” – 4 млрд сўм
Тошкент шаҳар маданият бошқармаси опера фестивали учун 2022 йил 6 майда “Profi Event” МЧЖ билан 1,1 млрд сўм, “Media Globe” МЧЖ билан 900 млн сўм, 9 июнда яна “Media Globe” МЧЖ билан 931 млн сўм ва 868 млн сўмлик тўғридан тўғри шартномалар тузган.
Қизиғи шундаки, 3 ноябрга келиб маданият бошқармаси опера фестивали учун рақс гуруҳларини ташкил қилишга тендер ўтказган. Ушбу тендерда “Profi Event” МЧЖ ғолиб деб топилган ва қарийб 260 млн сўмлик шартнома имзоланган. Май ойида ўтказиб бўлинган тадбир учун ноябр ойига келиб тендер ўтказилгани эътиборга молик.
“Tashkent Food Fest” – 1,8 млрд сўм
Маданият бошқармаси таомлар фестивали учун 31 май куни “Profi Event” МЧЖга 950 млн сўм ва 550 млн сўм маблағларни тўғридан тўғри шартнома орқали ўтказиб берган.
Фестивал август ойида бўлиб ўтган, лекин бошқарма фестивал доирасидаги безак бериш ишлари учун 24 октябрдан 31 октябрга қадар тендер ўтказган. Тендерни “Profi Event” МЧЖ ютган ва бошқарма билан 3 ноябр куни 301 млн сўмлик шартнома имзолаган.
“Tashkent Flower Fest” – 3,4 млрд сўм
Маданият бошқармаси гуллар фестивали учун 6 май куни “Modern Celebration” МЧЖ билан 794 млн сўм ва 764 млн сўм, 31 май куни “Media Globe” МЧЖ билан 700 млн сўм, 3 июн куни эса 840 млн сўмлик тўғридан тўғри шартномалар тузган.
Фестивал май ойида бўлиб ўтган бўлса-да, унинг доирасидаги бошқа хизматлар учун 24 октябрдан 31 октябргача тендер ўтказилган. Тендерни “Modern Celebration” МЧЖ ютган ва 3 ноябр куни 317 млн сўмлик шартнома олган.
“Tashkent Art Week” – 750 млн сўм
Маданият бошқармаси санъат ҳафталиги учун 31 май куни “Modern Celebration” МЧЖ билан 350 млн сўм ва 150 млн сўмлик тўғридан тўғри шартномалар тузган.
Бу фестивал июн ойида ўтказилган бўлса-да, унинг доирасидаги бошқа хизматлар учун 24 октябрдан 31 октябрга қадар тендер ўтказилган. Унда “Modern Celebration” МЧЖ ғолиб деб топилган ва у 3 ноябр куни 249 млн сўмлик давлат буюртмасини қўлга киритган.
“Tashkent Music Fest” – 4,8 млрд сўм
Маданият бошқармаси мусиқа фестиваллари учун 21 июн куни “Perfect Organizer” МЧЖ билан 950 млн сўм, 880 млн сўм ва 570 млн сўмлик тўғридан тўғри шартномалар тузган.
Сентябр ойида ўтказиб бўлинган бу тадбир доирасидаги бошқа хизматлар учун 24 октябрдан 31 октябрга қадар тендер бўлиб ўтган. Тендерни “Profi Event” МЧЖ ютган ва у билан 3 ноябр куни 1,5 млрд сўмлик шартнома тузилган.
Бундан ташқари, бошқарма тадбир доирасидаги бошқа хизматлар учун 3 ноябрдан 11 ноябрга қадар яна битта тендер ўтказган. Бу тендерда ҳам “Profi Event” МЧЖ ғолиб бўлган ва 14 ноябр санаси билан 907 млн сўмлик шартнома расмийлаштирилган.
“Tashkent Dance Fest” – 2,3 млрд сўм
Маданият бошқармаси рақс фестивали учун 6 сентябрда “Perfect Organizer” МЧЖ билан 1 млрд сўмлик тўғридан тўғри шартнома тузган.
Сентябр ойида ўтиб бўлган бу тадбир доирасидаги бошқа хизматлар учун 24 октябрдан 31 октябрга қадар тендер ўтказилган. Тендерни “Modern Celebration” МЧЖ ютган ва бошқарма билан 3 ноябр куни 1,3 млрд сўмлик шартнома имзолаган.
“MuzzDay Fest” – 1,8 млрд сўм
Тошкент шаҳар Туризм бошқармаси музқаймоқ фестивали учун “Profi Event” МЧЖ билан 14 июлда 368 млн сўмлик, 25 июлда қарийб 532 млн сўмлик тўғридан тўғри шартномалар тузган.
Фестивал июл ойида бўлиб ўтган, лекин унинг доирасидаги бошқа хизматлар учун 22 октябрдан 28 октябрга қадар тендер ўтказилган. Тендерни ҳам “Profi Event” МЧЖ ютган ва 1 ноябр куни қарийб 894 млн сўмлик давлат буюртмаси расмийлаштирилган.
Шу тариқа пойтахтда ўтказилган фестиваллар 4 та компанияга бўлиб берилган.
Улар билан тўғридан тўғри шартномаларсиз ишланган. Тўғридан тўғри шартномаларга қўшимча равишда ўтказилган тендерларнинг барчаси тадбирлар тугагандан кейин, бир неча ой ўтиб “ташкиллаштирилган”.
6 та фестивал бўйича умумий 18 млрд сўмлик давлат буюртмалари бу 4 та фирма ўртасида қуйидагича тақсимланган:
- Profi Event – 6,5 млрд сўм;
- Media Globe – 4,2 млрд сўм;
- Modern Celebration – 3,9 млрд сўм;
- Perfect Organizer – 3,4 млрд сўм.
4 та МЧЖнинг иккитаси 2021 йилда, иккитаси 2022 йилда очилган. Эътиборлиси, уларнинг аксариятида (тўртта корхонадан учтасида) корхонанинг 100 фоизлик таъсисчиси бўлган шахс унинг раҳбари ҳам ҳисобланади (учта фирманинг юридик эгалари – уч нафар алоҳида жисмоний шахслар) ва улар ана шу битта фирмадан ташқари бошқа ҳеч қайси корхонанинг таъсисчиси ёки раҳбари эмас.
Фақатгина Profi Event'нинг ягона таъсисчиси Абдуборийхўжа Абдувосиқовнинг номида бошқа фирма ҳам бор: у “Autograph Event” хусусий корхонасининг ҳам ягона таъсисчисидир. Autograph савдо белгиси бирмунча вақт олдин Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг J-United Group компаниясига тегишли бўлган.
Kun.uz тендерларсиз шартномалар қилингани, ўтказилган тендерлар эса пост-фактум бўлгани юзасидан изоҳ сўраб, Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизматига мурожаат қилди. Матбуот хизмати агар саволларимиз бўлса, хат билан чиқишимиз кераклигини билдирди.
Руслан Сабуров,
Kun.uz мухбири
Мавзуга оид
17:02 / 22.11.2024
Тошкентда 4 млн дона пиротехника буюмлари йўқ қилинди
15:28 / 22.11.2024
Светофорнинг қизил чироғида ҳаракатланган Malibu пиёдани уриб юборишига оз қолди
21:43 / 21.11.2024
Тошкентда подъездда қолдирилган велосипед ва коляскалар ППХ томонидан олиб кетилмоқда
19:18 / 21.11.2024