Иқтисодиёт | 00:57 / 30.07.2023
41257
9 дақиқада ўқилади

МБ раиси — сўмнинг қадри, коллекторлик фаолияти ва уй бозоридаги нарх пуфаги ҳақида

Мамаризо Нурмуродов сўмнинг долларга нисбатан қадрсизланиши, секин кетаётган банкларни хусусийлаштириш жараёни, рубл курси кескин тушишининг Ўзбекистонга таъсири ва бошқа мавзуларда журналистлар саволларига жавоб берди.

Фото: Kun.uz

27 июл куни Марказий банк бошқаруви асосий ставкани 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирди. Бу қарор қабул қилинган йиғилишдан кейин анъанага кўра бошқарув раиси Мамаризо Нурмуродов матбуот анжуманида журналистлар саволларига жавоб берди.

– Сўмнинг долларга нисбатан ўзгариши қандай прогноз қилиняпти?

– Сўмнинг долларга нисбатан курси валюта бозоридаги талаб ва таклифдан келиб чиқиб шаклланяпти. Маълум даражада импорт ҳажмининг ошиши миллий валютага босим ўтказяпти.

Кўплаб импортчилар йилнинг ушбу даврида ташқи савдо операцияларини амалга оширади. Ўтган йиллар билан солиштирганда, йилнинг шу даврида шундай мавсумийлик кузатилган. Агар 2019, 2020 ва 2021 йилларга қарасангиз, айнан шу даврда, иккинчи чорак охири ва учинчи чорак бошида импортимиз ошади. Бу валюта бозорида маълум босимни юзага келтиради. Бироқ бу жараён миллий валютанинг қадрсизланишига олиб келмайди. Чунки тижорат банклари ва корпоратив мижозлар хорижий валютани эркин сотиш ва сотиб олиш учун тегишли ликвидликка эга. Бугунги валюта курси ташқи савдо операцияларининг ҳақиқий аксидир.

– Бюджет дефицити нархлар барқарорлигига таъсир қилади. Шундан келиб чиқиб, Марказий банк Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан қанчалик яқин алоқада? Вазирлик давлат бюджети бўйича маълумотларни эълон қилмай қўйди. Ҳукумат бюджет дефицити бўйича қонунда белгиланган 3 фоизлик чекловга риоя қила оляптими?

– Биз Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан яқин алоқадамиз. Биз томонимиздан хизмат кўрсатиладиган ягона ғазначилик ҳисоби орқали бюджет бўйича маълумотларни кузатиб бора оламиз. Бошқа йиллар билан солиштирганда бу йил биринчи ярим йилликда харажатларнинг ортиши бўлгани рост, бу биринчи навбатда газ импорти ҳажми ошиши билан боғлиқ.

Газнинг жаҳон бозоридаги, яъни шартномаларда кўрсатилган нархи билан ички нарх ўртасидаги тафовут бюджет ҳисобидан қопланади. Шундай объектив шартлар туфайли биринчи ярим йилликдаги харажатлар аввалги йиллардан кўра бироз юқори бўлди.

Координацияга келсак, биз ҳар ой вазирликка инфляция, бюджет ижроси ва бошқа масалалардаги ўз қарашларимиз юзасидан ҳисобот бериб борамиз.

– Россия рублининг қадрсизланиши бизнинг иқтисодиётимизга қандай таъсир қилади?

– Доимий иккинчи йирик иқтисодий ҳамкоримизда пулнинг қадрсизланиши бизга ҳам таъсир қилади. Қайси маънода? Россиядан келадиган пул ўтказмаларининг камайишига таъсир қилади. Мен ҳали таъкидладимки, дастлабки 6 ойда давомида пул ўтказмалари 5,1 млрд доллар атрофида бўлди, ўтган йили бу кўрсаткич 6,5 млрд эди. Бу камайиш ўтган йилги ўтказмалар ҳажми ноодатий равишда юқори бўлгани билан боғлиқ.

Иқтисодий алоқаларга ҳам таъсири бор, чунки экспортёрларимиз товарни Россияга олиб чиқиб сотганда, товарнинг нархини белгилайдиган нарса Россия бозоридаги нархлар бўлади. Россия бозоридаги нархлар курс ўзгариши ҳисобига экспортёрларимиз учун долларда ҳисоблаганда тушумлари камайишига таъсир қилади.

– Ўзбекистонда кредиторларнинг молиявий саводхонлиги ва тўлов интизоми тўлиқ шаклланмаганини инобатга олиб, қаттиқ усулда кредитларни ундиришга талаб борми? Бунинг учун коллекторлик фаолиятига рухсат бериш керакми? Муаммоли кредитлар ҳам камаймаяпти, 15 трлн сўм атрофида бўлиб турибди.

– Муаммоли кредитларга нисбий қарашимиз керак, кредитлар қолдиғининг ўсиш даражаси юқори бўлиб турганда 3 фоизлик норма бизнинг бу кундаги шароитимизда нормал деб қаралади. Халқаро амалиётга кўра, умумий кредит портфелида муаммоли кредитлар 4 фоизгача бўладиган бўлса, бу нормал деб қаралади. Ўзгариш бўлмаяпти дейишимиз нотўғри, чунки бунинг устида биз доим ишлаймиз. Муаммоли кредитларнинг маълум қисми ўз ечимини топиши билан бошқалари бўйича янги муаммоли кредитлар чиқиб, ўрин алмашади.

Бугунги кундаги ҳолат маълум маънода бизни қониқтиради деган гапимнинг моҳияти шуки, 3 фоиз биз учун маъқул. Лекин қайси банкларда муаммоли кредитлар 7-8 фоиз бўладиган бўлса, биз Марказий банк сифатида уларга нисбатан макропруденциал талабларни кучайтириб, айрим банкларга кредитлар ажратишни чеклаймиз. Айрим банкларга депозитлар жалб қилишдаги талабларимизни қўйиб боряпмиз.

Коллекторлик хизмати қай ҳолда кенг ривожланиб ўзининг самарасини бериши мумкин? Агар жамиятда хусусий мулкнинг улуши юқори бўлса. шундагина унинг самарадорлиги юқори бўлади. Бу борадаги ўрганишларимиз давом этяпти, якуний хулосани айтишга эрта деб ўйлаймиз. Ўрганишларимиз охирига етганидан кейин биз бу ахборотни берамиз.

– Марказий банк май ойи охирида Тошкент кўчмас мулк бозорида нарх пуфаги юзага келаётган бўлиши мумкинлиги ҳақида маълум қилганди. Бу ипотека кредитларини ажратадиган банклар учун жуда хавфли бўлиб, уларни банкротликка олиб келиши мумкин. Бу борада қандай ишлар қилиняпти?

– Эътибор берган бўлсангиз, ипотека кредитлари ажратишда уйнинг қиймати қанча бўлишидан қатъи назар кредитнинг максимал чегарасини белгилаб қўйганмиз. Бундан мақсад, пуфаклар ёрилган пайтда банкларга бўладиган салбий таъсир жуда катта бўлишининг олдини олишдир. Яъни уй 1 млрд сўм бўладиган бўлса ҳам, банк ажратадиган кредит Тошкент шаҳрида 440 млн сўмдан ошмайди. Бу ўз-ўзидан пуфак хавфини камайтиради.

Иккинчи томондан, ҳозирги кундаги вазият қандай деган саволингизга жавоб сифатида айта оламанки, биз бу борадаги ўрганишларни якунлаяпмиз, сентябр ойида нархларнинг шаклланиши ҳақида таҳлилий маълумотларни эълон қиламиз.

– Fitch Ўзбекистонда банкларнинг хусусийлаштирилиши кечикишини маълум қилди. Ҳақиқатан ҳам, бир неча йил олдинги режаларга кўра, ҳозир аллақачон бир неча банклар сотиб бўлинган бўлиши керак. Кечикишга сабаб нима?

– Бир нарсани тўғри тушунишимиз керак, энг асосий нарса – хусусийлаштириш жараёни тез бўладиган жараён эмас. Чунки бу нафақат бизнинг хоҳишларимиз, балки хорижий инвесторларнинг ишончига ҳам боғлиқ. 2022 йилда геосиёсий кризис маълум жиҳатдан хорижий инвесторларнинг постсовет давлатларига киришини чеклаб қўйди.

Бу жараёнда асосийси – банкларимизни сотишга тайёрлаш жараёни, яъни банклар трансформацияси. Буни биз қанчалик тез амалга оширсак, уларни сотишга шунча тез тайёр қиламиз. Ҳақиқатан биз Халқаро валюта жағармаси, Жаҳон банки билан мулоқотларда бу жараён 1 йилдан узоқроққа чўзилишини муҳокама қилдик. Бу – табиий ҳол. Глобал иқтисодий вазиятдаги кескинлик бу жараён секинлашишига олиб келади.

– Йил бошидан бери ўзбек сўми қанча қадрсизланди? Валюта қудрати ошиши нималарга боғлиқ?

– Сўмнинг қадри нима билан ўлчанади? Ташқи савдо операциялари билан шуғулланадиганлар учун валюта курси билан. Кимдир сўмни кундалик ҳаётида ишлатадиган бўлса, у инфляция ва нарх-наво билан ўлчайди.

Сўм 6 ой давомида долларга нисбатан 3,12 фоизга қадрсизланди. Асосий савдо ҳамкорларимиз Туркия, Россия, Хитой билан солиштирсак, долларга нисбатан уларнинг валютаси сўмга қараганда кўпроқ қадрсизланди. Шу нуқтайи назардан, уларнинг миллий пули қадрли, бизники қадрсиз деб таққослаш тўғри эмас.

Марказий банк сўм қадрини ошириш учун нима қиляпти деган саволингизга айта оламанки, бутун дунёда валюта қадри иқтисодий ўсишга боғлиқ. Яъни иқтисодиётнинг барқарор ўсиши, иқтисодиётнинг ташқи иқтисодий фаолиятдаги инклюзив ривожланиши энг асосий кўрсаткичдир.

– Forbes нашри тадқиқотларига кўра, ўзбек сўми дунёдаги энг заиф валюталар қаторида 7-ўринни эгаллади, унинг қадрини мустаҳкамлаш учун нима қилиш керак?

– Миллий валютанинг қадрли ёки қадрсизлигига унинг курсига қараб баҳо беришни енгил қараш деб ҳисоблаймиз. 2017 йилдан бери валюта бозорини эркинлаштирганимиздан то бугунги кунгача валюта курсининг ўзгариши кўплаб давлатларнинг валютаси қадрсизланишидан анча паст бўлди. 4 йил давомидаги ўртача йиллик қадрсизланиш сўмда 6-7 фоизни ташкил қилади.

Пулнинг қадрини мустаҳкамлайдиган нарса – иқтисодиётнинг инклюзив барқарор ўсишини таъминлаш. Бу бозор тамойилида пул қадри барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади.

– Кутилаётган энергетика тарифларининг оширилиши йил якуни бўйича инфляция прогнозида акс этганми?

Беҳзод Ҳамроев (МБ раиси ўринбосари): Акс этган. Бизда электр энергияси ва газ тарифларидан ташқари, яна бошқа тартибга солинадиган нархлар – иссиқ сув, совуқ сув ва бошқалар бор. Яқинда совуқ сув нархи бўйича тарифлар оширилгани маълум бўлди. Ҳамма вилоятда совуқ сув нархи 100 фоиз ошган тақдирда ҳам умумий инфляциямизга 0,3 фоиз таъсир кўрсатиши мумкин.

Бундай 0,3-0,5 фоиз таъсирлар базавий инфляция прогнозида инобатга олинган. Ундан юқори бўладиган бўлса, прогноз қайта кўриб чиқилади.

Мавзуга оид