Ўзбекистон | 09:12 / 21.01.2026
4793
1 дақиқада ўқилади

1 февралдан профессионал тутинган оила хизмати жорий этилади

2026 йил 1 февралдан зўравонлик натижасида оиласидан олинган, ўз ҳаёти ва соғлиғига таҳдид мавжуд бўлган, шунингдек, ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда қолган болаларни ҳимоя қилиш мақсадида профессионал тутинган оила хизмати йўлга қўйилади.

Фото: Getty Images

Қонунчиликка мувофиқ, мазкур тизим болаларга вақтинчалик хавфсиз муҳит яратиш, уларни давлат муассасаларига жойлаштирмасдан, оила муҳитида парваришлаш ва тарбиялаш имконини беради. Профессионал тутинган оилалар боланинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш, психологик қўллаб-қувватлаш, таълим ва ижтимоий мослашувини таъминлашда муҳим ўрин тутади.

Янги механизм, аввало, зўравонликка учраган болалар, оиласида қолиши хавфли бўлганлар, ҳамда ижтимоий хавфли аҳволдаги болалар учун мўлжалланган. Бунда болани муваққат жойлаштириш, унинг хавфсизлиги ва барқарор ривожланишини таъминлаш асосий мақсад қилиб белгиланган.

Профессионал тутинган оила хизмати болаларни институционал муассасаларга жойлаштириш ҳолатларини камайтиришга, шунингдек, боланинг оила муҳитида ўсиб-улғайиши учун қулай шароит яратишга хизмат қилади.

Бу ташаббус болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид