«Азовстал»дан эвакуация яна барбод бўлди, Днестрбўйида безовталик. Сўнгги маълумотлар
Британия мудофаа вазирлиги Россиянинг йўқотишлари борасида янги маълумотларини эълон қилди, Украинадаги бир неча темирйўл станциялари ракета зарбаларига учради, Киев ва Москва «Азовстал»да гуманитар йўлак очиш борасида келишувга эриша олмади, Днестрбўйида портлашлар бўлмоқда.
Украинада уруш бошидан буён 15 минг россиялик ҳарбий ҳалок бўлган
Буюк Британия мудофаа вазирлиги баҳоларига кўра, Украинадаги ҳарбий ҳаракатлар чоғида Россия армиясининг 15 минг атрофидаги ҳарбий хизматчиси ҳалок бўлган ва 2 мингдан ортиқ зирҳли техникалар, жумладан камида 530 танк, 530 зирҳли транспортёрлар ва 560 та пиёдалар жанговар машиналари эгаллаб олинган. Россия 60 дан ортиқ вертолёт ва қирувчи самолётларини йўқотган.
Британия парламентида чиқиш қилган мудофаа вазири Бен Уоллес бир ҳафта вақт олиши кўзда тутилган юриш энди кўплаб ҳафталар давом этишини қайд этган. Унинг сўзларига кўра, Кремль «барча мақсадларида муваффақиятсизликка учраган», бироқ «украинлар ўз ҳаёти учун курашмоқда».
Украинада бир неча темирйўл станциялари ўққа тутилди
25 апрел тонгида Украина маркази ва ғарбидаги бир неча темирйўл станциялари тугунларига ракета зарбалари берилди.
Винницкий областидаги Жмеринка ва Казатин шаҳарларида қурбонлар бўлган, Лвов атрофидаги Красное станциясида электр узатиш симлари шикастланган.
Россия ҳарбийлари темирйўл станциялари яқинидаги электр кучини электр транспортларига мослаб берувчи подстанцияларга юқори аниқликдаги қуроллар билан зарба берилганини маълум қилган.
Украина армияси Бош штаби маълумотига кўра, россиялик ҳарбийлар хориж ёрдамлари фронт чизиғига етказиб берилишига тўсқинлик қилиш мақсадида темирйўл узелларига ракета зарбалари бермоқда.
«Азовстал» учун гуманитар йўлак очишга муваффақ бўлинмади
Украина вице-премьери Ирина Верешчукнинг телеграм каналида маълум қилишича, Украина ва Россия ўртасида «Азовстал» ҳудудидаги тинч аҳоли вакилларини олиб чиқиш учун гуманитар йўлак очиш бўйича келишув йўқ.
Аввалроқ Россия мудофаа вазирлиги 25 апрел куни маҳаллий вақт билан соат 14:00дан «Азовстал»дан тинч аҳоли вакиллари учун бир томонлама йўлак очилишини маълум қилганди.
Аммо Украина томони гуманитар коридор бўйича келишув бир томонлама қарор асосида бўлмаслиги кераклигини билдирган. Верешчукнинг сўзларига кўра, Украина томони БМТ бош котиби Антониу Гутерришга икки томонлама келишув асосидаги гуманитар йўлак очилишида ташаббускор ва кафолатчи бўлишни сўраб мурожаат қилган.
ФСБ телепропагандачиларга ҳужумнинг олди олингани ҳақида хабар берди
Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) ва Тергов қўмитаси душанба куни Москвада олти нафар неонацистлар қўлга олингани, улар гўёки Украина хавфсизлик хизмати буюртмасига кўра телебошловчи Владимир Соловьёв ва яна беш нафар телепропагандачиларни ўлдиришни режалаштиргани ҳақида хабар қилди.
ФСБ маълумотига кўра, қўлга олинганларнинг ёнидан саккизта Молотов коктейллари, гранаталар, 6 та тўппонча, қирқма милтиқ, мингдан ошиқ патронлар, шунингдек гиёҳванд моддалар ва неонацист адабиёти намуналари топилган.
Киев томони Россиянинг Украина хавфсизлик хизмати пропагандачини ўлдириш учун «неонацистлар гуруҳи»га буюртма бергани ҳақидаги баёнотини уйдирма деб атади.
Брянскдаги нефт базасида ёнғин
Россиянинг Брянск областида, Украина билан чегарадан 110 километр масофада жойлашган «Транснефт» нефт базасида чиққан йирик ёнғин ўчирилди. Россия кучишлатар тузилмаларига яқин манбалар базага Украина дронлари ҳужум қилганини таъкидлаётган бўлса-да, бу маълумот расман тасдиқланмаган.
«Интерфакс» агентлиги маълумотига кўра, олов 10 минг куб метр ҳажмдаги резервуарни қамраб олган. «Россия 24» телеканали Брянскда яна бир объект - ҳарбий қисмдаги дизел ёнилғиси сақланган омбор ёниб кетганини маълум қилган.
Апрел ойи бошида Украина ҳарбий вертолётлари йўллаган зарбалар оқибатида Белгороддаги нефт базада йирик ёнғин содир бўлганди.
Днестрбўйида вазият кескинлашмоқда
25 апрел куни номаълум шахслар Тирасполда тан олинмаган Днестрбўйи республикаси давлат хавфсизлик вазирлиги биносига ўт очишди.
Дастлабки маълумотларга кўра, бинога танкка қарши гранатомётдан зарба берилган. Бино атрофида ташлаб кетилган қўл гранатомёти топилган.
Жабрланувчилар бўлмаган, Днестрбўйида душанба куни дам олиш куни ҳисобланади.
26 апрел куни эса Днестрбўйидаги Григориополский райони Маяк аҳоли пунктида жойлашган маҳаллий радиомарказ антенналари номаълум шахслар томонидан портлатиб юборилди. Бу радиоантенналар орқали РФ радиоси узатилган.
Днестрбўйидаги вазият сабабли Молдова президенти Майя Санду олий хавфсизлик кенгаши йиғилишини ўтказади.
«Бугун Санду Днестрбўйи ҳудудидаги воқеалар муносабати билан олий хавфсизлик кенгаши йиғилишини чақиради», дейилади Молдова президенти матбуот хизмати хабарида.
Тан олинмаган Днестрбўйида тахминан 460 минг киши яшайди, уларнинг қарийб ярми Россия фуқаролигига эга. 1992 йилдан буён ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган бу республика ҳудудида Россия тинчликпарвар контингенти жойлашган.
22 апрел куни Россия Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони ўринбосари генерал-майор Рустам Миннекаев «махсус амалиётнинг иккинчи фазаси» доирасида рус тилли аҳоли камситилаётган яна бир ҳудуд - Днестрбўйига йўлак таъминланиши учун Украина жануби устидан назорат ўрнатилиши режалаштирилаётгани ҳақида гапирганди.
Мавзуга оид
12:02 / 13.03.2024
Кишинёв Днестрбўйида сайлов участкалари очилгани учун Москвага норозилик билдирди
22:01 / 06.03.2024
Днестрбўйи Россиядан ёрдам сўради. Ёрдам бериладими?
17:20 / 03.03.2024
Тан олинмаган Днестрбўйи: у ерда нималар бўляпти ва нега Россиядан кўмак сўралмоқда?
12:27 / 01.03.2024