Ўзбекистон | 11:00 / 12.02.2026
14855
2 дақиқада ўқилади

Хорижлик фуқаро далада отган қурол олиб қўйилди

Тошкент вилояти ҳудудида фуқаро тегишли рухсатномаси мавжуд бўлган ов қуролини фойдаланиш учун танишига берган. Хорижлик фуқаро эса қуролдан фойдаланиш жараёнини тасвирга олиб, Хитойдаги WeChat ижтимоий тармоғига жойлаган.

Фото: ИИББ

Тошкент вилоятида хорижлик фуқаро далада ишлатган қурол ов қуроли экани аниқланди. Бу ҳақда вилоят ИИББ ахборот хизмати хабар берди.

Ҳолат бошқарма томонидан тезкор ўрганилиб, видеода кўриниш берган барча шахсларга аниқлик киритилган. Маълум бўлишича, 2026 йилнинг 20 январ куни фуқаро Я.Ю. ўзига тегишли, рухсатномаси мавжуд бўлган ов қуролини Тошкент вилояти ҳудудида таниши Қ.Х.га фойдаланиш учун қонунга хилоф равишда бергани аниқланган. 

Қайд этилишича, қуролни қўллаш жараёнида бирор инсон ёки ҳайвонларга зарар етмаган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан МЖтКнинг 220-моддаси (қуролнинг ва унинг ўқ-дориларининг муомалада бўлиши қоидаларини бузиш) билан ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ов қуроли ва ўқ-дорилари белгиланган тартибда вақтинча олиб қўйилган.

Олиб борилаётган текширув якуни бўйича қонуний қарор қабул қилиниши таъминланиб, қўшимча ахборот берилиши билдирилди. 

Аввалроқ хорижлик фуқаро Ўзбекистондаги далада автомат ишлатгани хабар қилинганди. Талаффузидан у хитойлик эканини билиш мумкин. Видеони «Кевин Кэ» никли фойдаланувчи Хитойдаги WeChat ижтимоий тармоғига жойлаган.  

Руслан Сабуров
Тайёрлаган Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид