Жаҳон | 07:50 / 07.01.2026
17268
2 дақиқада ўқилади

Инфографика: сунъий йўлдошларга қарши қуролга эга давлатлар

Сунъий йўлдошларга қарши қурол (ASAT) — космик йўлдошларни йўқ қилиш ёки ишдан чиқариш учун ишлаб чиқилган тизимлардир. Инфографикада сунъий йўлдошларга қарши тизимларни расман синовдан ўтказган давлатлар белгиланган.

Фото: РИА Новости / Алексей Никольский

Расман тасдиқланганига кўра, ҳозир тўртта давлат сунъий йўлдошларга қарши қуролга эга: Россия, АҚШ, Хитой ва Ҳиндистон.

Сунъий йўлдошларга қарши тизимларни ишлаб чиқишни биринчи бўлиб АҚШ 1950-йилларда бошлаган. Илк синовлар муваффақиятсиз чиққан. 1960-йиллар бошидан АҚШ ядровий зарядлар асосидаги сунъий йўлдошларга қарши баллистик ракеталар билан тажрибалар ўтказган. Аммо бу қурол ё ўзининг йўлдош инфратузилмаси учун хавфли бўлиб чиққан, ёки самарасиз бўлган.

Сунъий йўлдошларга қарши қурол ишлаб чиқишга қўшилган кейинги давлат — СССР бўлган. Ишланмалар 1960-йилларда бошланган, 1979 йилда эса Совет Иттифоқи сунъий йўлдошларга қарши мудофаа тизимини жанговар навбатчиликка қўйган.

Фото: mapchart.net

СССРнинг кейинги тажрибалари унчалик муваффақиятли бўлмаган, аммо бу АҚШ учун яна қайтадан сунъий йўлдошларга қарши ракеталарни ишлаб чиқиш ва синовдан ўтказишга туртки берган. 1980-йиллар ўрталарида АҚШ муваффақиятли синов ўтказган. 1988 йилда мамлакат дастурни тўхтатган.

2007 йилда сунъий йўлдошларга қарши қуролни Хитой синовдан ўтказган. Сунъий йўлдошнинг йўқ қилиниши парчалар “булути” пайдо бўлишига олиб келган. Кейинги ўн йилликда Хитой сунъий йўлдошларга қарши тизимларни ривожлантиришда давом этган.

2019 йилда Ҳиндистон паст Ер орбитасидаги космик аппаратни муваффақиятли уриб тушириб, сунъий йўлдошларга қарши қуролга эга давлатлар қаторига қўшилган.

Хитой муваффақиятидан кейин АҚШ ҳам синовларга қайтган, 2021 йилда эса Россия томони космик аппаратни муваффақиятли йўқ қилганини маълум қилган.

Сунъий йўлдошларга қарши қуролга потенциал эга бўлган яна бир давлат — Исроил. У АҚШ билан биргаликда юқори атмосфера қатламларида баллистик ракеталарни ҳам, сунъий йўлдошларни ҳам йўқ қила оладиган “Хец-3” тизимини ишлаб чиққан. Бу тизимни Германия Исроилдан сотиб олган ва 2025 йил декабрда мамлакат унинг ракетага қарши мудофаа тизимини фаоллаштирган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид