Жаҳон | 12:05 / 11.02.2026
1965
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Европадан Украина учун янги қурол харидларини кутмоқда

Қўшма Штатлар шу ҳафта бўлиб ўтадиган НАТО мудофаа вазирлари йиғилишида алянс аъзолари Украина учун қурол-яроғ хариди бўйича янги мажбуриятларни ўз зиммасига олишини кутмоқда. Бу ҳақда сешанба куни, 10 февралда онлайн-брифинг чоғида АҚШнинг НАТО ҳузуридаги доимий вакили Мэттю Уитакер маълум қилди.

Фото: Global Look Press

Reuters агентлиги иқтибос келтирган Уитакернинг сўзларига кўра, гап ғарб иттифоқчилари томонидан Киев учун Америка қуролларини PURL дастури доирасида янги харид қилиш ҳақида кетмоқда. PURL (Prioritised Ukraine Requirements List — “Украина учун устувор талаблар рўйхати” — таҳр.) 2025 йил ёзидан бери АҚШ президенти Доналд Трамп ташаббуси билан амал қилмоқда ва уни НАТО мувофиқлаштириб бормоқда.

Украина ҳокимияти маълумотларига кўра, 2025 йилда PURL дастурига бадаллар миқдори 4,3 млрд долларни ташкил этган, шундан декабр ойи ҳиссаси — қарийб 1,5 млрд доллар.

АҚШнинг НАТО ҳузуридаги доимий вакили дастурдаги етакчилик учун учта Европа мамлакатига алоҳида миннатдорлик билдирди: “PURL’нинг учта ‘чемпиони’ни қайд этмоқчиман: Германия, Нидерландия ва Норвегия. Бу давлатлар нафақат салмоқли ҳисса қўшди, балки бошқаларни ҳам уларнинг намунасига эргашишга фаол ундади”.

НАТО мудофаа вазирлари учрашуви пайшанба куни, 12 февралда Брюсселда бўлиб ўтади. Унда алянсга аъзо 32 давлат мудофаа идоралари раҳбарлари, шунингдек Украина мудофаа вазири Михаил Федоров иштирок этиши кутилмоқда.

Reuters манбалари таъкидлашича, учрашувда Украина учун Америка қуролларини харид қилиш масаласидан ташқари, Европа давлатларининг ўз хавфсизлигида янада фаолроқ рол ўйнаши ҳам муҳокама қилинади. АҚШ президенти маъмурияти НАТОдаги иттифоқчилар жуда узоқ вақт Оқ уйнинг устун таъсири остида бўлганини таъкидлаб, эндиликда алянсда етакчи ролни Европа давлатлари ўз қўлига олиши керак, деб ҳисобламоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид