Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Теlegramʼда тарқaлаётган APK-файллар ҳисобига фирибгарлик ҳолатлари кескин кўпайди – мутахассис огоҳлантиради
Ўзбекистонда Telegram фойдаланувчиларининг 40 фоизи фирибгарлар юборган APK файлларни очиш оқибатида банк карталаридаги маблағлар ва шахсий маълумотлар ўғирланиши ҳолатларига дуч келмоқда. Киберхавфсизлик маркази бошлиғи ўринбосари Жаҳонгир Сагдуллаев улардан ҳимояланиш учун тавсиялар берди.
Маълум қилинишича, Ўзбекистонда Telegram фойдаланувчиларининг 40 фоизи мессенжердан келган АПК файлларни босиши оқибатида банк карталаридан пул ечиш, шахсий маълумотларни ўғирлаш ҳолатлари кескин кўпайган.
Киберхавфсизлик маркази бошлиғи ўринбосари Жаҳонгир Сагдуллаев бу вазиятда қандай ҳимояланиш чоралари ҳақида гапирди.
“Ушбу APK файллар фирибгарлар томонидан турли жимжимадор, инсонларни ўзига жалб қиладиган сўзлар билан безатилган: “Бу сенинг расмингми?”, “Тўйга таклифнома” каби. Агар фуқаролар биргина ҳаракат билан бу файлларни очиб қўйишса, фирибгарлар уларнинг шахсий маълумотлари, телефондаги контактлар, хабарлар, фото-видеолари, телефондаги турли дастурларига кириш имкониятларига эга бўлишади.
Шунинг учун агар Telegram мессенжерда охирги қисмида APK сўзи мавжуд бўлган иловалар келса, биринчи навбатда уларни очмаслик керак, зудлик билан ўчириб юбориш керак”.
Шунингдек, мутахассис агар зарарли файлларни очиб қўйганда кўрилиши керак бўлган тезкор чоралар ҳақида маълумот берди:
“Бунинг олдини олиш учун телефонни интернетдан узиш ва телефонни “парвоз” режимига ўтказиш керак. Шунинг кейин “иловалар” бўлимига ўтиб сизга нотаниш бўлган қандай иловалар ўрнатилганини текшириш керак. Агар янги ва нотаниш илова ўрнатилган бўлса, дарҳол ўчиринг. Ёки барча керакли маълумотларни маълум жойда сақлаб, телефонни дастлабки ҳолатга қайтариш керак.
Телефонга турли тўлов хизматлари уланган бўлса, смс-хизматларини ўчириб қўйиш лозим”.
Фирибгарлик ҳолатларининг олдини олиш мақсадида Киберхавфсизлик маркази @cybershielduz_bot ботини ишга туширди. Бу ботни гуруҳлар ёки каналларга қўшиб қўшиш у ердаги фойдаланувчиларни ўша гуруҳ ёки каналларга келган APK файллардан ҳимоя қилади. Гуруҳ ёки каналга шундай зарарли файллар келадиган бўлса, автоматик равишда тозалайди.
Мавзуга оид
11:28 / 29.03.2025
Хонанда Дилфуза Исмоилова 80 минг долларга чув тушди
18:28 / 19.10.2024
Wallet криптоҳамёни Ўзбекистонда офис очишни режалаштирмоқда
15:24 / 12.09.2024
Теlegram Франция полициясининг сўровларига жавоб беришни бошлади – Liberation
20:10 / 30.07.2024