Спорт | 19:44 / 16.12.2020
7126
2 дақиқада ўқилади

Тошкент 2025 йил ёшлар ўртасидаги Осиё ўйинларига мезбонлик қилади

Ўзбекистон 2025 йилги ёшлар ўртасида IV Осиё ўйинларини қабул қилади. Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар беришича, Уммоннинг Масқат шаҳрида Осиё Олимпия Кенгаши (ООК) ва 2025 йил қитъамизда ўтадиган ёшлар Осиё ўйинларининг мезбони ўртасида шартнома имзоланди.

«Ассамблеяда Тошкент шаҳрининг 2025 йил бўладиган IV ёшлар Осиё ўйинларини қабул қилиши расман тасдиқланди. Шундан сўнг Ўзбекистон ҳамда ООК ўртасида мусобақанинг ўтказилиши борасида шартнома имзоланди.

Тадбирда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси раиси Рустам Шоабдураҳмонов, Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Равшан Эрматов, МОҚ Бош котиби, «Тошкент-2025» IV ёшлар Осиё ўйинлари директори Ойбек Касимов ҳамда Қўмитанинг раис ўринбосарлари ва маслаҳатчилари, Тошкент шаҳар ҳокимлиги вакиллари қатнашишди. Тошкентнинг 2025 йилги ёшлар Осиё ўйинларини қабул қилиши юзасидан тузилган шартномага ООК президенти Шайх Аҳмад Аҳ Фаҳад Ал Сабоҳ, ООК вице-президенти Отабек Умаров, МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов, Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Равшан Эрматов ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлиги вакили Иззатбек Жўраев имзо чекишди», дейилади қўмита хабарида.

Ушбу мусобақа давомида Ўзбекистонга 5000дан зиёд меҳмон келиши кутилмоқда.

Мавзуга оид