Ёшлар ўртасидаги Осиё ўйинлари-2025 мезбонлиги Ўзбекистондан олиб қўйилди
Тошкент-2025 ёшлар ўртасидаги Осиё ўйинлари мезбонлиги Ўзбекистондан олиб, Баҳрайнга топширилди. Осиё Олимпия кенгаши ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида бу ҳақда расман маълум қилган.
2025 йил Ўзбекистонда ўтказилиши режалаштирилган Осиё ёшлар ўйинларига мезбонлик қиладиган давлат номи ўзгарди. Бу ҳақда Осиё Олимпия кенгаши Инстаграм ижтимоий тармоғидаги саҳифасида маълум қилди.
«Осиё Олимпия кенгаши Ўзбекистон мезбонлигида Тошкентда ўтказилиши режалаштирилган Ёшлар ўртасидаги 3-Осиё ўйинлари 2025 йилда Баҳрайнда ўтказилишини маълум қилади. Бугун, 2 декабр куни ўтказилган ташкилот ижрои қўмитаси йиғилишида бу ҳақдаги қарор қабул қилинди», - дейилади Осиё Олимпия кенгаши расмий ахборотида.
Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси ва «Тошкент-2025» Осиё ўйинлари дирекцияси директори Ойбек Касимов Осиё Олимпия кенгашининг бу қарорига ҳозирча расмий муносабат билдиргани йўқ.
Ёшлар ўртасидаги ёзги Осиё ўйинлари 43 та хорижий мамлакатдан, камида 9 та спорт туридан 14-17 ёшли спортчилар ўртасида ўтказилиши режалаштирилганди.
Маълумот учун, биринчи ёшлар ўртасида ёзги Осиё ўйинлари 2009 йилда Сингапурда, 2013 йилда Нанкин (Хитой), 2017 йилда Хамбантотада (Шри-Ланка), ўтказилган бўлса, 2021 йилда Шантау (Хитой), 2025 йилда Тошкентда ўтказилиши белгиланганди.
Эслатиб ўтамиз, 2030 йилги Осиё ўйинлари мезбонлиги учун Ўзбекистоннинг Тошкент ва Самарқанд шаҳарлари ҳам даъвогарлик қилиши режалаштирилган эди. Аммо Ўзбекистон 2030 йилги Осиё ўйинлари мезбонлиги учун ариза топширмаганди.